Индонезия - вулқонлар мамлакати
Индонезиянинг Бали оролида жойлашган, халқ тилида “Денпасар” деб аталувчи, Нгурах-Рай халқаро аэропорти чоршанба куни беркитилди. Бунга Раунг номини олган вулқоннинг ўзидан кул отиши сабаб бўлди.
Мамлакат транспорт вазирлигининг вакили Жа Барат “аэропорт қачон ўз фаолиятини қайта тиклаши аниқ эмас”лигини маълум қилди. Мухбирларнинг хабар қилишича, Ява оролидаги ички йўналишларга хизмат кўрсатувчи яна иккита аэропорт беркитилган. Маълумки, шу ойда бу аэропорт икки марта фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган эди. Бу ўз навбатида, 900 та парвознинг бекор қилиниши ёки кейинга қолдирилишига сабаб бўлди.
Раунг вулқони Сурабай шаҳридан 180 километр ғарбда жойлашган. Табиий офатларни бартараф этиш Миллий бошқармаси Ахборот маркази раҳбари Сутопо Пурво Нугрохонинг айтишича, вулқоннинг тутуни 2 минг метргача етган. Аҳолининг хавфсиз жойга олиб чиқилиши кўзда тутилмаган. Индонезияда 130га яқин вулқон бўлиб, авиакомпаниялар вулқон отилиши боис самолёт парвозларини тўхтатиб туради.
Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, амалдаги вулқонлар инсоният учун катта хавф-хатар туғдиради. Тарихда вулқонлар ер юзида иқлим ўзгаришларига сабаб бўлгани кўплаб учраган. Маълумки, вулқондан бир неча километр баландликка отиладиган куллар қуёш нурларини ўтказмайди. Бу эса, ўз навбатида, кунларнинг совиб кетишига олиб келади. Бироқ бугунги кунда вулқонларнинг фаоллиги яхшиликка дейдиганлар ҳам бор. Чунки глобал исишлар айни вулқонлар сабаб тўхташи мумкин, деган фикрлар айтилмоқда.
Аммо вулқонлар атрофидаги одамларнинг кўзидаги қўрқувларни ҳам ёддан чиқариш керак эмас. Чунки улар вулқон қачон уйғонишини аниқ билишмайди. Вулқонлар туфайли ҳар йили инсоний талофатлар қайд этилади. Масалан, 1815 йилнинг апрель ойида Индонезияда уйғонган Тамбора вулқони икки кун мобайнида 90 мингдан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлди.
Таҳлилчиларининг фикрича, нафақат вулқон атрофида яшайдиган инсонларнинг, балки бир неча юз километр узоқдаги одамларнинг ҳам ҳаёти хавф остида қолмоқда. Чунки вулқондан хавфли лавадан ташқари тонналаб куллар атмосферага отилади. Таркибида заҳарли моддалар бўлган куллар барча тирик мавжудотларга, жумладан, инсонларга таҳдид демакдир. Заҳарли ҳаво ўлимга сабаб бўлиши мумкин. Сув ости вулқонлари эса цунамиларни келтириб чиқаради. Шуни айтиш керакки, бугунги кунда вулқонлар келтираётган зарар ва инсоний талофатлар аввалгиларига нисбатан камайган. Бунга ҳукуматларнинг кўраётган чора-тадбирлари, жумладан, мониторинг тизимининг йўлга қўйилиши ва аҳолини ўз вақтида хавфсиз жойга олиб чиқилиши натижасида эришилмоқда.
Лавадан ташқари вулқонлар кул ва сувлар қоришмаси бўлмиш балчиқларни келтириб чиқаради. Балчиқлар йўлида учраган барча нарсаларни, шу жумладан, аҳоли пунктларини хонавайрон қилади.
Энг фожиали томони шундаки, вулқонларнинг олдини олишнинг мутлақо имкони, жумладан, вулқонларнинг оғзини бетонлаб ташлашнинг иложи йўқ. Вулқонлар кучли босим билан отилади. Шу сабабли ҳам маҳаллий аҳоли ҳамиша сергак бўлиши керак.
Индонезия шарқидаги Ява оролида хавфли Келуд номини олган вулқон бор. Сўнгги бир аср давомида мазкур вулқон оқибатида 5 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлди. Бу вулқоннинг энг фаоллашгани 16-асрда кузатилган бўлиб, ўшанда 10 мингдан ортиқ киши ҳаёт билан видолашган эди. XX аср бошларида мазкур вулқон “қайта шаклланди”. Вулқоннинг навбатдаги фаоллашуви оқибатида “кратер кўли” пайдо бўлиб, бу кўл 5 минг кишининг ўлимига сабаб бўлди. 1919 йилда Ява аҳолиси одатга кўра турмуш кечиришар эди. Айрим одамларгина тез орада вулқон уйғониши эҳтимолидан огоҳлантиришди. Бироқ уларнинг гапларига ҳеч ким ишонмади. Чунки кратердан тутун чиқмаётган ва кул отилмаётган эди. Мана шу беғамлик қимматга тушди. Кейинчалик маълум бўлишича, вулқон устидаги катта сув ҳажми тутун ва кулнинг чиқишига йўл бермаган экан. Ана шу ҳолат буғ қозони пайдо қилиб, катта босимга сабаб бўлган. Кратер кўлидаги сувнинг исиб кетиши юқори босимга олиб келган ва кучли портлашни келтириб чиқарган.
Ўтган асрда Келуд вулқони вақти-вақти билан уйғониб турди. Энг сўнгги бор 2014 йилнинг февралида уйғонди. Ҳодиса оқибатида 6 киши ҳалок бўлди. Келуд вулқонининг фаоллашуви нафақат Индонезия, балки қўшни Малайзия иқтисодиётига миллиардлаб доллар миқдорида зиён етказди.
Индонезиядаги яна бир Кракатау вулқони жаҳондаги энг хавфли экани айтилади. Кракатау вулқони Суматра ва Ява ороллари оралиғида жойлашган. Кракатау вулқони тез тез фаоллашиб туради. Журналистлар Кракатау вулқонини табиат мўъжизаси деб аташади.
Шарофиддин Тўлаганов