Фан-техника | 00:36 / 26.07.2016
7029
12 дақиқада ўқилади

Марк Цукерберг Facebook’нинг яқин 10 йилликдаги асосий йўналишлари тўғрисида

Facebook асосчиси ва бош директори Марк Цукерберг The Verge нашрига  интервью берди. Унда тадбиркор компаниянинг яқин 10 йиллик режалари билан бўлишди. Биз ушбу интервьюдан келиб чиқиб, сизга мазкур ижтимоий тармоқнинг 2026 йилга қадар нималар билан шуғулланишига доир маълумотлар билан таништирамиз. 

1. Бутун дунё аҳолисининг интернетга уланиши

Цукерберг Facebook’нинг миссиясини дунёни коммуникацияга янада очиқ қилишда кўради. “Ҳа, биз қачонлардир университет кампусида ўтириб иш бошлаганмиз, у пайтда биз бундай нарсалар ҳақида ўйламас эдик. Бироқ орадан 10 йил вақт ўтди, тармоқдан фойдаланувчилар сони 1,5 миллиарддан ошди – энди бизнинг миссиямиз бутун Ер аҳлини интернет тармоғига улашдан иборат”.

“Биз катта компаниямиз, ўзимизнинг ресурсларимиз мавжуд – олдинда фақат бутун дунё аҳлининг ижтимоий тармоққа уланишига нима ҳалақит беришини аниқлашгина қолди”.

Марк Цукерберг

Цукерберг интернетга кириш имконига эга бўлмаган минтақаларда яшовчи кишилар дуч келаётган 3 асосий муаммони маълум қилди (сайёрада жами 4 миллиарддан ортиқ киши тармоққа кириш имконига эга эмас):

1. Инфратузилманинг йўқлиги. Ҳаттоки телефон бўлса ҳам, интернетга улана олмайди. Facebook’нинг ҳисоб-китобига кўра, тахминан 1,6 миллиард киши шундай муаммога дуч келмоқда. “Уларга ёрдам бериш учун тармоқнинг янги турларини яратиш керак – масалан, интернетни учувчисиз қурилмалар ёки сунъий йўлдошлар орқали етказиш”, - дейди Facebook бош директори. 

2. Интернетга кириш имкони. Цукербергнинг сўзларига кўра, тахминан миллиард киши интернет мавжуд бўлган, аммо фойдаланиш имкони йўқ бўлган жойларда яшашади. Компания бу вазиятда икки ечимни кўради (ҳамда уларни амалга ошириш устида ишламоқда): тармоққа кириш хизматини арзонлаштириш ва узатилаётган маълумотлар ҳажмини камайтириш.

3. Интернетга муносабат. Дунёнинг тахминан икки миллиард кишиси интернетга уланиши мумкин – аммо буни истамайди ёки бунга зарурати йўқ. “Эҳтимол, улар ҳеч қачон компьютердан фойдаланишмаган ё бўлмаса, интернетга чиқиш имкони бўлмаган. Сиз уларга тармоққа киришга пул тўлашни таклиф қиласиз, лекин улар бунинг нима учун кераклигини тушунишмайди. Бундай кишилар учун биз Free Basics каби интернет сервисларига бепул кирувчи дастурларни ишлаб чиқамиз ва уларни ҳаётга татбиқ қиламиз”, - дейди Facebook асосчиси. 

Ҳозирда Facebook қуёш энергиясида ишловчи учувчисиз учувчи қурилмаларни ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқда, улар интернетга кириш имкони бўлмаган ҳудудларга интернет-сигналларни узатади. 2016 йилнинг июль ойи охирида компания шундай дронлардан бирининг парвозга чиқарилгани ҳақида эълон қилган. “Тармоққа кириш учун янги минораларни қуриш – мураккаб ва қиммат. Шу боис биз учувчи ускунани яратишга қарор қилдик”, - дейди Цукерберг. 

Агар 10 йил аввал менга кимдир учувчи дронларни яратишимиз ҳақида айтганда, мен уни ақлдан озган деб ўйлашим мумкин эди. Бироқ бу йўналиш – стратегиямизнинг муҳим бир қисми. 

 

2. Aquila дастурини ишга тушириш

Aquila — интернет-сигналларни узатувчи дронларни ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи лойиҳа. 2016 йилнинг 28 июнида ана шундай учувчи ускуна ўзининг биринчи парвозини амалга оширди. Дрон қанотларининг ҳажми Boeing 737 йўловчи самолётининг қанотлари ўлчамидан катта – 34 метр. Дронни яратишда углерод толасидан фойдаланилган – шунинг ҳисобига қурилма жуда енгил чиққан.

Aquila парвозининг тезлиги (бошқа учувчи воситаларга нисбатан) юқори эмас, у соатига 40 километрни ташкил қилади. “Биз самода ҳамма нарсанинг тез ҳаракатланишига ўрганиб қолганмиз. Аслида эса одамлар самолёт ишлаб чиқараётганда, йўловчиларни кўзланган манзилга тезроқ етказиш ҳақида ўйлайди – парвоз тезлигининг паст бўлиши ҳеч қандай устунликка эга эмас”, - дея изоҳ беради Цукерберг.

Илк парвозда Facebook жамоаси дронни 30 дақиқа ҳавода ушлаб туришни режалаштирган, лекин қурилма 90 дақиқа давомида ҳаракатланди. Яқин кунларда компания яна бир синов парвозини амалга оширишни режалаштирмоқда – парвоз давомида ерга интернет-сигнал узатилади. Цукербергнинг сўзларига кўра, дрон ёрдамида маълумотлар узатиш тезлиги “бир сонияда бир неча ўн гигабитдан иборат бўлиши мумкин”. “Бу аввал мавжуд бўлган ҳар қандай технологиядан 10 баробар тез дегани”, -  таъкидлайди у. 

Синовлар ниҳоясига етганидан кейин Facebook Aquila дронларини ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Қурилма қишлоқ ҳудудлари, йирик шаҳарлар чеккалари ҳамда табиий офат юз берган жойларда учади. 

Компания дастур устида ишлашга мамлакатлар ҳукуматлари ҳамда бутун дунё бўйлаб энг йирик телеком-операторларни жалб қилишни режалаштирмоқда. “Биз тизим барпо этамиз ва унинг ишлашига ишонч ҳосил қиламиз – шундан сўнг бошқа ишлаб чиқарувчиларни лицензия билан таъминлаймиз ва технологияни кенг тарқатамиз. Биз тармоқни мустақил қурмоқчи эмасмиз. Менинг фикримча, буларнинг ҳаммаси жуда қизиқ бўлиши керак”, - дейди Facebook асосчиси. 

 

3. Terragraph тизимини тарқатиш

2016 йилда Facebook компанияси Terragraph лойиҳаси –кўп тармоқли симсиз тизимни намойиш қилди. У аҳоли кўп яшовчи жойларда кишиларни барқарор интернет билан таъминлашга мўлжалланган. Цукербергнинг маълум қилишича, Terragraph мавжуд оптик толали тармоқларнинг ўтказиш хусусиятини оширади. Унинг сўзларига кўра, келажакда катта ҳажмдаги маълумотларни юклаш, реал режимда видео алмашиш каби имкониятлар виртуал реаллик соҳаларида керак бўлиб қолиши мумкин.

 

4. Free Basics лойиҳаси устида ишлаш

Free Basics ташаббуси 42 мамлакатда йўлга қўйилиб улгурган, у баъзи интернет-сервисларга тармоққа пул тўламай кириш имконини беради. Ушбу лойиҳага 25 миллиондан ортиқ киши қўшилган. Келажакда компания мазкур лойиҳани бошқа мамлакатларда ҳам йўлга қўйиш имконини яратади, айниқса, Ҳиндистон  Цукербергни қизиқтириб қўйган. “Бу жуда муҳим бозор. Мамлакатда интернетга кириш имконига эга бўлмаган миллиард киши яшайди”, - изоҳлайди тадбиркор. 

 

5. Сунъий ақл ва хизматчи-робот

2016 йилнинг январь ойида Марк Цукерберг “Темир одам”даги Жарвисга ўхшаган сунъий ақлни яратиш режаси ҳақида маълум қилган. The Verge’га берган интервьюсида Facebook асосчиси мазкур лойиҳанинг амалда эканлигини таъкидлади: “Яқин кунлар ичида мен ўз ёрдамчимнинг демоверсиясини тақдим қилишни режалаштиряпман. Ҳозир мен уйдаги барча тизимлар – ёруғлик, иссиқлик, эшикларни бошқара оламан. Ёрдамчим менга тост қилиб бериши мумкин. Тизимга бироз ишлов бериш керак, лекин умуман олганда, у яхши ишлаяпти”.

Биз Facebook’да ишлаб чиққан сунъий ақлнинг барча алгоритмларидан фойдаланиш жуда қизиқ. Юз ва нутқни таний олишда қандай тараққиётга эришганимиз яққол кўриниб турибди. 

 

Цукербергнинг фикрича, келажакда сунъий ақл тизимлари икки соҳада кенг тарқалади: образларни таний олиш ва ўргатиш. “Аҳоли орасида сунъий ақлнинг инсонга зиён етказиши мумкин ёки йўқлиги мунозараларга сабаб бўлмоқда, лекин менинг фикримча, образларни таниш соҳасидаги ишлаб чиқаришлар барибир жуда фойдали бўлади. Кўзи ожиз киши экранда нималар бўлаётганини осонликча билиб олиши мумкин, ҳаракатланиш хавфсизлиги кучаяди, технологияларни тиббиётда қўллаш мумкин бўлади”, - дейди тадбиркор. 

 “Шуни ёдда тутиш муҳимки, бу ерда сеҳр-жоду эмас, математика, статистика, образларни таниш ва маълумотларнинг катта базаси қўлланган. Буларнинг барчаси назоратдан четга чиқиши керак эмас. Сунъий ақл ишлаб чиқарувчилари шунчаки инсонлар ҳаётини яхшилашга ҳаракат қилишмоқда”.

 

6. Ботлар

Facebook жамоаси турли компанияларнинг ижтимоий тармоққа қизиқиши ўсиши туфайли ботлар устида ишлашни бошлади, дейди Цукерберг. “Бизнес ўзининг Facebook’даги саҳифасини асосий алоқа канали сифатида фойдаланмоқда. Фойдаланувчилар компания вакилларига унинг ижтимоий тармоқдаги аккаунти орқали мурожаат қилишади, лекин жамоа ҳар доим ҳам тез муносабат билдира олмайди. Бизда фойдаланувчиларнинг хабарларини ўқиб, уларга жамоа номидан жавоб берувчи сунъий ақл яратиш ғояси пайдо бўлди. Биз харидорларга жавобни автоматлаштириш йўлини топишга ҳаракат қилмоқдамиз”.

Цукербергнинг қайд этишича, суҳбат интерфейси оддий илованинг ўрнини боса олмайдиган кейслар мавжуд. “Йўқ, мен суҳбат – кўнгилга келган ишни қилиш воситаси эмас. Бироқ ўйлашимча, биз қилаётган ишлар - ҳозир мавжуд бўлган бизнес алоқа воситаларидан 10 ва ҳаттоки 100 баробар яхшироқдир. Сиз хабар ёзасиз ва деярли дарҳол жавоб оласиз, соатлаб жавоб кутишга ҳожат қолмайди. Бу олдинга ташланган олға қадамдир”, - дейди у. 

 

7. Виртуал ва тўлдирилган реаллик

“Виртуал реаллик – бир неча сабабларга кўра, биз учун жуда муҳим бўлган йўналиш. Биринчидан, бизнинг вазифамиз Ердаги ҳар бир инсонга ўз тажрибаси билан бўлишиш ва бошқаларга дунёда нималар рўй бераётганини билишга ёрдам беришдан иборат. Виртуал реаллик технологиялари бунда бизга ёрдам беради. 10 йил аввал биз таассуротларимиз билан матн ёрдамидагина бўлишар эдик. Улардан кейин фотосуратлар кириб келди, бугунги кунда эса видеотасмалар машҳур бўлиб бормоқда. Виртуал реаллик – мантиқий давом”, - дея изоҳ беради Цукерберг. 

Бошқа тенденция, дейди тадбиркор, ҳар 10-15 йилда инсоният ўзаро таъсир парадигмасини ҳисоблаш қурилмалари билан алмаштиради. Ўтган асрнинг 80-йилларида фақат катта машиналар бўлган, улар билан ишлаш учун “ўқув даражасига эга бўлиш керак бўлган”. 90-йилларда ПК пайдо бўлган – аммо улар билан ишлаш қийинчилик туғдирган. Шундан сўнг интернет ва смартфонлар пайдо бўлди. 

 “Одамларга смартфонлар ёқади, бироқ бу охири эмас. Улар доим биз билан бирга, улардан фойдаланиш компьютерларни ишлатишдан осонроқ, бироқ виртуал ва тўлдирилган реаллик янада осон бўлишга ваъда бермоқда. Телефонни чўнтакдан олиш керак, унинг бошқа чекловлари ҳам бор. VR ва AR билан у ўтмишда қолади”.

"Сизнинг кўзойнагингиз ёки ҳаттоки контакт линзаларингиз бўлади. Сиз шунчаки атрофга қараб, ўзингизга керакли бўлган маълумотга эга бўлишингиз мумкин."

Цукербергнинг таъкидлашича, виртуал реаллик технологиялари тайёр – ишлаб чиқарувчилар уларни такомиллаштирса бўлгани. Унинг айтишича, виртуал реаллик билан ишлаш осонроқ бўлади, шу боис компания ишни шундан бошлади. 

Тўлдирилган реаллик билан вазият бошқача – Facebook ҳозирча уни инсон ҳаётига татбиқ қилиш йўлларини изламоқда ҳамда шу билан боғлиқ кўплаб илмий муаммоларни ҳал қилмоқда. Тадбиркорнинг тахминига кўра, тўлдирилган реаллик технологиялари 10 йил ичида виртуал реалликнинг ҳозирги ҳолатига яқинлашади.