Жамият | 15:51 / 29.07.2016
23236
6 дақиқада ўқилади

ДТМ абитуриентларга тест синовларни ўтказиш тартиб-қоидалари ҳақида эслатма берди

Давлат тест маркази абитуриентларга тест синовларни ўтказиш тартиб-қоидаларини эслатиб ўтди.

«Сизлар тест синовларини муваффақиятли топширишингиз учун тест синовларни ўтказиш тартиб-қоидаларини, тест жараёнида ўзингизнинг вазифаларингиз, мажбуриятларингиз ва ҳуқуқларингизни аниқ билишингиз ва тест синовларини ўтказиш тартибига риоя қилишингиз талаб этилади», — дейилади хабарда.

Абитуриентлар тест синовлари ўтказиладиган куни бино ҳудудига соат 8.00 гача, аудиторияга соат 8.30 гача фақат абитуриент рухсатномаси ва паспорти билан киритилади. Тест синовлари бошланган (соат 8.30)дан кейин абитуриент аудиторияга киритилмайди.

Соат 8.30 дан 9.00 гача абитуриентлар жавоблар варақасини тўғри тўлдириш тартиби билан танишади ва унинг тегишли жойига ўзлари тўғрисидаги маълумотларни ёзади. Бу вақт тест ўтказиш учун ажратилган вақт меъёрига кирмайди.

Тест бошлангандан кейин ҳеч ким аудиторияга киритилмайди ва тест топшириқлари бўйича абитуриентлар билан савол-жавоб қилинмайди.

Абитуриент жавоблар варақаси рақами билан саволлар китоби рақамининг бир-бирига мослигини ва саволлар китобида фанлар бўйича тест саволларида типографик хато ёки бошқа нуқсонлар йўқлигини текширади. Агар тест саволларида нуқсон бўлганда дарҳол бу ҳақда аудитория раҳбарига хабар беради.

Абитуриент жавоблар варақаси берилгандан кейин абитуриент рухсатномаси ва титул варақасининг тегишли жойларига жавоблар варақаси рақамини кўчириб ёзади. Шундан сўнг, титул варақасида кўрсатилган махсус кодини жавоблар варақасига кўчириб ёзади ва тегишли доирачаларни бўяйди.

Абитуриент жавоблар варақасининг 1-блокига ва саволлар китоби муқовасининг белгиланган жойига ўзи ҳақидаги тегишли маълумотларни ёзиб, имзо қўяди.

Саволлар китобидаги ҳар бир фан 36 та топшириқни ўз ичига олади. «Математика (информатика билан)» фанидан тест саволлари «Математика» фани бўйича 30 та савол, «Информатика ва ахборот технологиялари» фани бўйича 6 та саволдан иборат бўлади.

Абитуриентга тест топшириқларини бажариш учун қуйидаги вақт меъёрлари белгиланади:

72 саволга — 2 соат;
108 саволга — 3 соат.

Ҳар бир саволга 4 тадан («А», «B», «C», «D») жавоблар варианти берилган бўлиб, абитуриент улардан фақат биттасини саволлар китобчасида белгилаши (саволлар китобида белгиланган жавобларни ўзгартириш мумкин), кейинчалик жавоблар варақасига белгиланган тартибда бўяши керак (жавоблар варақасида белгиланган жавобларни ўзгартириш мумкин эмас).

Ҳар бир тест саволига фақат битта жавоб белгиланиши шарт. Агар жавоблар варақасидаги «Белгилаш учун намуна» қоидасига риоя этилмаса, жумладан битта саволга жавоблар варақасида тегишли доирача бўялмаса ёки икки ва ундан ортиқ доирача бўялса ёхуд тўлиқ бўялмаса ушбу жавобга балл берилмайди.

Тўлдирилган жавоблар варақаси абитуриентнинг билим даражасини белгиловчи асосий ҳужжат ҳисобланади.

Жавоблар варақаси абитуриент томонидан ҳаво ранг пастали шарикли ручка билан тўлдирилади.

Жавоблар варақаси тўғри тўлдирилиши учун абитуриент шахсан жавобгардир. Жавоблар варақасидаги тегишли доирачаларни нотўғри белгилаган абитуриентларнинг эътирози кўриб чиқилмайди.

Жавоблар варақасини тўлдиришга тест синови учун белгиланган вақт меъёрига қўшимча 20 дақиқа ажратилади.

Абитуриент томонидан уяли телефонлар ва бошқа алоқа воситаларини олиб кириш ва фойдаланиш қатъий ман этилади.

Тест синовлари ўтказиладиган бинога киришда абитуриент микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар олиб киришга ҳаракат қилса ёки олиб кирган бўлса, тест синовлари давомида тест материалларини бошқа абитуриентга узатса ёки ёрдам берса, абитуриент тест синовларини ўтказиш тартибини бузган ҳисобланади ва Давлат тест маркази вакили томонидан далолатнома тузилиб, у тест жараёнидан четлаштирилади*.

Изоҳ: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 11 июлдаги 205-сонли қарорининг 2-иловасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги 118-сонли қарори билан тасдиқланган «Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилиш тартиби тўғрисида Низом»га юқоридаги таҳрирда ўзгартириш киритилган.

Авваллари тест синовлари ўтказиладиган бинога киришда абитуриентда микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар мавжудлиги аниқланса, улардан бу воситалар олиб қўйилган ва ўзлари бинога киритиб юборилган. 2012 йилдан бошлаб тест синовлари ўтказиладиган бинога киришда абитуриентда микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар мавжудлиги аниқланса улар бинога киритилмайди ва тегишли далолатнома тузилиб, тест жараёнидан четлаштирилади.

Тест синови жараёнида абитуриент томонидан саволлар китоби варағи йиртиб олинганлиги аниқланса, тест синовларини топшириш қоидалари бузилган ҳисобланади ва тест синовидан четлаштирилади.

Белгиланган вақтда тест синовларига келмаган абитуриентлар учун қўшимча тест синовлари ўтказилмайди.

Тест синовларини топшириш вақтида абитуриентнинг аудиториядан чиқиши тақиқланади, аудиториядан чиққан абитуриентлар қайтадан тест синовларига қўйилмайди, соғлиғининг ёмонлашиши ва бошқа шу каби ҳолатларда тест материалларисиз қават бўйича вакил кузатуви остида аудиториядан чиқиш ҳоллари бундан мустасно.

Aудитория раҳбари томонидан тестни бажариш учун ажратилган вақт тугагани ва саволлар китобидан жавоблар варақасининг мос равишда доирачаларга бўяш учун қўшимча берилган йигирма дақиқалик вақт бошланганлиги эълон қилинганда абитуриент саволлар китоби билан ишлашни тўхтатиб, саволлар китобидан жавоблар варақасининг мос равишда доирачаларни бўяшни бошлаши, қўшимча ажратилган вақт тугагани эълон қилинганда жавоблар варақаси билан ишлашни тўхтатиши шарт.

Абитуриент тест саволлари ёки тест синовларини ўтказиш жараёни юзасидан эътирозлари мавжуд бўлганда, тест материалларини топширганидан сўнг, шу куннинг ўзида қабул комиссияси, Давлат тест марказининг таълим муассасаси ёки бино бўйича вакили орқали Давлат тест марказига ариза билан мурожаат қилиши мумкин.