Жаҳон | 15:22 / 03.08.2016
4360
1 дақиқада ўқилади

Никарагуа президенти ўз рафиқасини мамлакат вице-президентлигига номзод сифатида эълон қилди

Никарагуа президенти Даниэль Ортега ўз рафиқаси Росарио Мурильони мамлакат вице-президентлигига номзод сифатида эълон қилди. Агар сиёсатчи учинчи муддатга қайта сайланса, Мурильо хоним бу лавозимни эгаллайди.

Ҳозирда президентнинг рафиқаси ҳукумат матбуот хизмати раҳбари сифатида фаолият кўрсатади ва Никарагуа сиёсатидаги муҳим шахслардан бири ҳисобланади. Ортеганинг ўзи журналистлар қаршисида камдан-кам кўриниш бергани ҳолда, Мурильо хоним телевидениеда тез-тез чиқиш қилади.

70 ёшли Даниэль Ортега 1975-1990 йилларда илк марта мамлакатни бошқарган, кейин эса 2007 йилда иккинчи муддатга Никарагуа президенти этиб сайланган.