15:20 / 05.08.2016
13294

Машинасида одам уриб кетиб кўзи очилган эркатой ёки ёлғиз ўғил ялмоғизми?

— Мен бу воқеаларни бошқаларга сабоқ бўлсин, дея ёздираяпман, — деди Тиловолди бошини қуйи эгганича. — Ҳеч ким мендек нотавон бўлмасин. Бошимдан ўтган бу кўргиликларни ёздириш мен учун ҳам азобдир.
                       
*     *    *

“Вой-дод! Болагинамнинг ўрнига мени олиб кетинглар! Қандай чидайман энди! Вой-дод!”, дея онажоним кўксига муштлаб урганлари ҳанузгача кўз олдимдан кетмайди.

Ортимга қарай-қарай машинага ўтирдим. Бу пайт онаизорим чўккалаб олганича ер муштлаб, Худонинг зорини қиларди.

Мени милиция ходимлари қаергадир олиб бориб, бир камерага қамаб қўйишди. Бир зумда дадам ҳам адвокат билан етиб келди.

Кейин мени сўроққа тутишди. Аввалига қилган айбимни беркитдим. Аммо ойни этак билан ёпиб бўлмас экан. Ўшанда йўловчилардан бири машинамнинг рақамини кўриб қолиб, милиция ходимларига хабар берибди.
                       
*     *    *

Ота-онам мени Худойимдан тилаб-тилаб олган. Ўн икки йил деганда фарзандли бўлишган экан. Ёлғиз ўғил бўлганим учун болалигимдан оғзимдан чиққанини муҳайё қилишарди. Мен худди эртаклардаги шаҳзодалардек яшардим. Ҳаттоки, мен учун битта энага ҳам олишган эди.

Энг яхши боғчада, сўнгра энг зўр мактабда таълим олдим. Институтнинг ҳам энг нуфузлисига кирдим, тўғрироғи киритиб қўйишди.

Аммо у ердаги ўзимга ўхшаган бойваччаларнинг фарзандларини кўриб, секин-аста ўқишни ҳам бир чеккага йиғиштириб қўйдим. Иккинчи курсда ўқиётганимда дадам яп-янги “Нексия” машинасини туғилган кунимга совға қилди. Энди мен ҳам гердайиб ўзимнинг машинамда институтга қатнардим. Дарсдан чиққач, уч-тўртта ўртоқ бирга бўлишиб, кафе-бар, дискотекага борардик. Кунимизни хурсандчилик билан ўтказардик.

Кунларнинг бирида дискотекага борганимда икки-уч йигит билан жанжаллашиб қолдим. Уларга ўзимнинг кимлигимни кўрсатиш учун роса дўппосладим. Ўша ернинг хўжайни қаёққадир қўнғироқ қилибди. Бир онда милиция ходимлари етиб келишди. Мен ҳам дарров дадамга қўнғироқ қилдим. У ердаги синган нарсаларни тўлаш ва безорилик қилганим учун жарима билан қутулдим.

Уйга келгач, эртаси куни дадамдан эшитадиганимни эшитдим. “Қачонгача ортингдаги лойларингни тозалаб юраман. Қачон тинч юришни ўрганасан? Йўқ жойдан жанжал излайсан! Айт, сенга нима етишмаяпти?”

Мен индамасдан мум тишлаб ўтиравердим. Чунки дадамнинг жаҳли ёмон эди. Гап қайтарсам, баттар тутақиб кетарди.

Шундан сўнг дадам дераза ёнидаги гултувакни ҳовлига қараб улоқтириб юборди.

Дарҳол онажоним менинг ёнимга учиб кирди. “Ҳой, дадаси, секинроқ, қўшнилар эшитади. Ҳали ёшда, ақли кириб қолар. Шунчалик жаврашингиз шартмиди? Ўғирлик қилган бўлмаса, бошқаларга қўшилиб қиморбозлик қилмаса, озгина ўйнаб-кулибди, холос. Энди астойдил ўқийди. Бир гал кечиринг”, дея кейин менга юзланди.

“Дадангдан дарҳол кечирим сўра. Бошқа қайтарилмайди, йигитлик сўзим, деб айт”, деди.

Мен эса минғирлаганимча дадамга сўз бердим. 

Бир ойча тинч юрдим. Қаёқда, ўрганган кўнгил ўртанса қўймас экан. Кундан-кунга қайсар бўлиб борардим. Яна ўша ўртоқларимга қўшилиб, дадам айтганларининг тескарисини қила бошладим.

Бир куни ишдан уйга қайтган дадам менга қўнғироқ қилиб қаердалигимни сўради. “Дискотекадаман, ўртоқларим билан”, дедим.

“Ҳозироқ уйга етиб кел!”, деди. Аммо мен қайтмадим. Шундан сўнг дадам ҳайдовчиси билан мени олиб кетгани келди. Ичиб олгандим. Оёғимда зўрға турардим. Дадам мени бу аҳволда кўриб, баттар тутақиб кетди. Машинага ўтирмаслигимни тайинлади. Ҳайдовчисига менинг машинамни ҳайдашни буюрди.

Мен қайсар шунда ҳам дадамнинг кўзини шамғалат қилиб, дискотекадан бир амаллаб чиқдим-да, машинага ўтириб газни босдим.

Ортимдан ҳойнаҳой дадам ҳам машинасини елдек учириб келарди.

Шу пайт светофорнинг чироғи ёнганини пайқамай ҳам қолибман. Чорраҳадан ўтаётиб бир йигитни машинамда уриб юбордим. Машинани қандай тўхтатганимни билмайман. Карахт бўлиб қолдим. Кўз ўнгимда деярли ўзим тенги йигит қип-қизил қонга бўялиб ётарди.

Ёнимга дадам келиб ўтирди-да, машинани ҳайдаб кетди. Менга қараб “Ҳеч нарса бўлмаган, деб фараз қилгин. Ўзингга кел, ҳеч нарса бўлмади”, деб такрорларди.

Уйга ҳам етиб келдик. Аммо мен оёғимни ерга қўя олмасдим. Йигит бечоранинг аҳволи нима бўлди экан, деб ўйлардим.

Бир соатдан сўнг дадамнинг ҳайдовчиси қўнғироқ қилиб қолди. “Йигитни шифохонага олиб боришибди. Аҳволи ёмон экан”. Дадам шифохонага кетди. Афсуски, у кўп қон йўқотгани учун вафот этибди.

Орадан икки соатча вақт ўтгач, онамни чирқиратиб милиция ходимлари мени олиб кетгани келишди.

Маст ҳолатда рулга ҳеч қачон ўтирмаслик кераклигини энди англадим. Кўзим кеч очилди. Шунинг учун доим катталар “Спиртли ичимликлар ичиб, машинага ўтирма! Бирор фалокатга йўлиқасан”, деб бекорга айтишмас экан. Энди нима бўлади, дея бошим ғовлаб кетди. Шунда ҳам дадамдан умид қилиб ўтирардим. Чунки дадам барча нарсанинг қаловини топарди.

Орадан бироз вақт ўтди. Мен барча қилган айбимни бўйнимга олдим. Иложим ҳам қолмаганди. Дадам энг зўр адвокат ёллади. Афсуски, адвокат ҳам мени қонун чангалидан қутқара олмади. Қонун ҳамма учун баробарлигини тушуниб етдим. Ёлғиз ўғил ялмоғиз бўлади, деганлари рост экан. Мен ота-онамнинг ялмоғизи бўлдим.

Суд бўлди. Узоқ муддатга қамалдим. Онаизорим суд ҳукмини эшитгач, залнинг ўзидаёқ ҳушидан кетди. Ўзимдан ҳам кўра кўпроқ онажонимга раҳмим келди.

Қамоқхонада менинг айни навқирон ёшлигим ўтди. Кўз олдимга озодликда, эркинликда юрган вақтларим, меҳрибон онажонимнинг бироз бетоб бўлиб қолсам, ёнимдан жилмай парвона бўлишлари, мен учун ҳамма нарсага тайёр бўлгани, суд залидан олиб кетишаётганларида биринчи бор йиғлаган дадажоним, жонажон курсдошларим келарди… 

Қамоқда ётганимда онам билан дадам ҳолимдан тез-тез хабар олиб туришарди. Аммо уларни кўриб ич-ичимдан эзилиб кетардим. Иккаловларининг ҳам мен бебошни деб қоп-қора сочлари энди оқарганди. Ҳатто онажонимнинг юзларига ажин ҳам тушибди.

Курсдошларим институтни битириб, ишга ҳам жойлашгандир. Аммо мен нима қилдим, нимага эришдим, деган саволни ўзимга кўп маротаба бердим. Ёшлигимни кўкка беҳуда совурдим. Менинг кўр кўзларим кеч очилди, кеч. Қамоқхонада ўтиришни душманимга ҳам раво кўрмайман.

Озодликка ҳам чиқдим. Менинг ҳаётим ўзим тенгиларга сабоқ бўлсин.

Хонбиби ҲИММАТ қизи

Top