Жамият | 22:30 / 06.08.2016
11168
2 дақиқада ўқилади

100 ёшли момо енгил атлетика бўйича жаҳон рекордини ўрнатди

Ида Килинг исмли аёл яқинда 101 ёшга тўлди ва у сайёрамиздаги энг тез югурувчи момо ҳисобланади.

2016 йил апрелда момо 100 метрлик масофани 1 дақиқа 17 сонияда чопиб ўтган. Бир қарашда, бу унча тезмасдек туюлади, бироқ унинг ёшидагилар учун бу рекорд натижа ҳисобланади. Қизиқарлиси, момо финишга охирги бўлиб келган, чунки ўзидан 20 ёшроқ момолар билан бирга югурган.

Бундан ташқари, 2011 йилда Ида 95-99 ёшлилар тоифасида яна бир жаҳон рекордини ўрнатганди: у 60 метрни 29,86 сонияда югуриб ўтган. 

Момо ўғиллари вафотидан кейин ўзини овутиш учун 67 ёшида югуришни бошлаган. Бунга уни қизи Шелли илҳомлантирган. Шелли онасининг тушкунликка тушиб қолгани кўриб, унга югуриш пойабзали совға қилган. Ўшандан бери Шелли онаси билан мураббий сифатида шуғулланади.

Ида кекса ёши ва жуссаси кичиклигига (бўйи 135 см, вазни 38 кг) қарамасдан, тренажёр залида шуғулланади, йогага қизиқади ва велосипед ҳайдайди.

Унинг айтишича, фаол ҳаёт тарзи туфайли у ҳозирда ўзини ёшлигидагидан ҳам яхшироқ сезмоқда. У ҳаммага спорт билан шуғулланишни тавсия қилмоқда, унинг фикрича, машқ қилишни бошлашга ҳеч қачон кечлик қилмайди.

Қуйида эса момонинг югуришидан олинган видео берилган. Энди сизга "Мен янги ташаббусларга энди жуда кексаман", деган хаёл келса, Ида момони ёдга олишингиз мумкин.