Жамият | 20:05 / 16.08.2016
24132
4 дақиқада ўқилади

Хорижда ишлашни орзу қилган 77 нафар Ўзбекистон фуқароси товламачилик қурбонига айланди

Консалтинг фирма раҳбари муайян тўлов эвазига Европа Иттифоқи давлатлари ва Кореяда яхши ишга жойлаб қўйишни ваъда қилиб, 77 кишини чув туширди. 

2014 йил. Пойтахтдаги «EVRO CONSULT CENTER» консалтинг фирма раҳбари Турсунов Санжарбек Йўлдошалиевич Қашқадарё вилояти фуқароси Назаров Бунёд Тўлқинович билан биргаликда Ўзбекистон фуқароларини хорижга жўнатиш бўйича расмийлаштириш ишлари билан шуғулланишарди. Виза ҳужжатларини расмийлаштириш учун жиноятчилар 3-4 минг АҚШ доллари олишган. Бунда кўп ҳолатларда "мижозларга" сохта иш шартномалари тақдим қилинган, олинган пуллар эса қайтарилмаган. 

Мижозлардан бири Раҳмонов Самариддин Шамшиевич 2014 йилнинг июль ойида С.Турсунов ва Б.Назаров "бошчилигида" Польша элчихонасида Шенген визасини расмийлаштириб, пул топиш учун мамлакатни тарк этади. «EVRO CONSULT CENTER» компаниясида ўзбекистонлик янги меҳмонни аэропортда кутиб олишлари ва мўмай даромад келтирувчи яхши ишга жойлаб қўйишлари ваъда қилинган. Польшага юбориш ва у ерда иш топиш хизматлари учун Самариддин уларга 4 минг АҚШ доллари миқдорида пул берган. 

Бироқ юқорида номи қайд этилган фирма вакилларининг ишонтиришларига қарамай, Варшавада Самариддинни ҳеч ким кутиб олмаган, ишга ҳам жойлаштирмаган. Шундан сўнг у фирма раҳбарлари тавсиялари билан Швецияга боради, у ерда Самариддинни 30-35 ёшлардаги тошкентлик Даврон исмли киши қарши олади. Даврон С. Раҳмоновга керакли ҳужжатларсиз иш топа олмаслигини айтади ва сиёсий қочоқ мақомини олиш учун маҳаллий ҳукуматга мурожаат қилишни таклиф қилади. 

С.Раҳмонов бу таклифни рад этиб, Польшага қайтади ва у ерда ўзбек дипломатик вакиллигига мурожаат қилади, кейин авиачипта харид қилиб, 2015 йилнинг сентябрида Ўзбекистонга қайтади. 

Ундан ташқари яна кўп кишилар товламачилик қурбонига айланишди, улар ватанга қайтгач, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилишди. 

Шунингдек «EVRO CONSULT CENTER» фирмаси раҳбари С.Турсунов Меҳнат вазирлигининг баъзи ходимлари билан жиноий битим тузиб, Корея Республикасида ишлашга кетиш дастурида иштирок этиш учун сохта жетонлар тарқатиш билан ҳам шуғулланганлиги аниқланди. 

Жорий йилнинг март ойида транспорт прокуратурасида 168-модданинг 3-қисми "Товламачилик" ҳамда 211-модда "Пора бериш" бўйича жиноий иш қўзғатилди. Бугунги кунга келиб, жиноий иш материаллари прокуратура томонидан терговга топширилган. Тезкор тергов чоралари давомида С.Турсунов томонидан 77 нафар кишининг алданганлиги аниқланган. 

Шу билан бирга С.Турсунов 76 нафар фуқарога АҚШга чиқишда ёрдам кўрсатмоқчи бўлганлиги ҳам маълум бўлди. 

Бундан ташқари, С.Турсунов ва шикоятчилардан олинган кўрсатмаларга асосланиб, жиноий гуруҳнинг яна бир иштирокчиси - Тошкент давлат техника университетининг 2-курс талабаси Исаев Забихилла Хабибуллаевич жавобгарликка тортилди. У мижозлар излаш билан шуғулланган ва воситачилик хизматлари учун 400-500 АҚШ доллари олган. 

Тергов натижасида жиноятчининг республика ҳудудларида мижоз излаш ва иш берувчи каби муайян вазифаларини бажарган бошқа ҳамтовоқлари - фуқаролар Дилмуродов Ф.Д., Азизов Т.А., Махаманов Ш.Я., Ҳалилов Р.Х.ларнинг шахси аниқланган. 

Баҳодир Давлатов