18:55 / 26.09.2016
19132

Ўзбекистондаги йирик кимё заводи Хитой компанияси билан қўшма корхона ташкил этиши мумкин

Ўзбекистондаги йирик кимё заводи – «Навоийазот» АЖ тез кунларда Хитойнинг «Чемчина» компанияси билан биргаликда қўшма корхона ташкил этади. Бу ҳақда nuz.uz хабар берган.

Сайтнинг расмий манбаларга таяниб хабар беришича, Навоийдаги кимё заводи хорижий инвесторлар иштирокида қўшма корхона ташкил этилиши кўзда тутилган йирик корхоналар рўйхатига кирган.

2016 йил аввалида Хитойнинг CAMC Engineering компанияси «Навоийазот» АЖ базасида қиймати 439,8 млн долларни ташкил этувчи поливинилхлорид ишлаб чиқариш мажмуаси қуриш бўйича бош пудратчи мақомини олганди.

Қурилиш учун 374 млн долларлик кредитни Хитойнинг Эксимбанк банки «Асака» банкига ажратди. Лойиҳада йилига 100 минг тонна поливинилхлорид, 75 минг тонна каустик сода ва 300 минг тонна метанол ишлаб чиқариш қувватига эга мажмуа қуриш кўзда тутилган.

Қурилиш ишларини 2019 йил охиригача якунлаш режалаштирилган. 

«Навоийазот» 1964 йилда фойдаланишга топширилган Ўзбекистондаги йирик кимё заводи ҳисобланади. Бу ерда азот ўғитлари, нитрон толалари, ҳамда органик синтез ишлаб чиқарилади. 2015 йилнинг ноябрида ўтказилган халқаро инвестицион форумда Япониянинг Mitsubishi ва Marubeni компаниялари заводнинг 49 фоиз акциясини 200 млн долларга сотиб олишга қизиқиш билдириб, Ўзбекистон давлат рақобат қўмитаси билан «Навоийазот» АЖни хусусийлаштиришда қатнашиш бўйича меморандум имзолаганди.

Корхона паспортида «Навоиазот» АЖ устав фонди 61,3 млрд сўм ёки 25,1 млн долларга тенглиги кўрсатилган. Асосий акционерлар «Давлат активларини бошқариш маркази» (52,92 фоиз) ҳамда «Ўзкимёсаноат» (47,08 фоиз). 

Корхона ҳудуди 895,5 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган бўлиб, ишлаб чиқариш ҳудуди 285 га.

Корхонада 10 мингдан ортиқ киши меҳнат қилади. 

Top