Ўзбекистон | 11:03 / 28.02.2023
8205
2 дақиқада ўқилади

«Навоийазот» заводини хусусийлаштиришга тайёргарлик бошланди

Давлат активларини бошқариш агентлиги тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, «Навоийазот» АЖни хусусийлаштириш стратегиясини ва уни амалга ошириш йўл харитасини ишлаб чиқиш учун етакчи консультант жалб қилиш бўйича танлов эълон қилди.

Навоийазот

Акциядорлик жамиятининг давлат ва «Ўзкимёсаноат» давлат холдингига тегишли устав капиталидаги улушларини сотувга қўйиш режалаштирилмоқда. Бутун компанияни хусусийлаштириш ҳам, алоҳида мустақил бўлинмалар, ишлаб чиқариш занжирлари, инфратузилма ва хизматларни сотиш ҳам кўриб чиқилмоқда.

Консультант активнинг молиявий, солиқ ва ҳуқуқий текширувини ўтказиши кутилмоқда. Шунингдек, у инвесторларнинг компания ва унинг қисмларига бўлган қизиқишини ўрганиши ва тўпланган маълумотларга асосланиб, заводни хусусийлаштириш стратегиясини ишлаб чиқиши керак. Амалга ошириш муддати - 6-8 ой.

«Навоийазот» АЖ табиий газни қайта ишлаш ҳамда минерал ўғитлар, олтин қазиб олувчилар учун кимёвий реагентлар ва кам тоннали кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи Ўзбекистоннинг кимё соҳасидаги энг йирик корхоналардан бири ҳисобланади.

«Навоийазот» АЖ Ўзбекистон кимёвий маҳсулотларининг 30 фоиздан ортиғини ишлаб чиқариб, “Ўзкимёсаноат” акционерлик активининг база сегментларидан бири ҳисобланади ҳамда саноат, транспорт, қишлоқ хўжалиги, ёқилғи-энергетика мажмуи, шунингдек хизмат соҳаси, фан ва таълимнинг деярли барча тармоқларини қамраб олган.

Мавзуга оид