Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зарафшонга заҳарни ким оқизган? «Навоийазот» пресс-турда айбловни яна рад этди, аммо савол ҳамон очиқ
Зарафшон дарёсига заҳарли моддалар оқизилиши оқибатида минглаб балиқлар нобуд бўлгани кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Экология қўмитаси олиб борилган ўрганишлар ва лаборатория хулосаларига асосланиб, дарёга ҳаёт учун хавфли бўлган моддалар «Навоийазот» АЖ томонидан оқизилганини маълум қилди. «Навоийазот»дагилар эса бу айбловларни рад қилиб келяпти.
«Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти томонидан 2021 йил 29 октябрь куни «Навоийазот»нинг фаолияти, ишлаб чиқариш жараёнлари ва атроф-муҳит муҳофазаси борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан пресс-тур ташкил этилди. Жараёнда журналистларга корхонадаги ўзгаришлар, янги ишлаб чиқариш қувватлари, модернизация ишлари, келгусида режалаштирилаётган лойиҳалар хусусида маълумотлар берилди.
Корхонада атроф-муҳит муҳофазаси юзасидан сезиларли ишлар амалга оширилган. Ишлаб чиқариш цехларида атрофга зарарли моддалар чиқишининг олдини олиш учун замонавий фильтрловчи технологиялар ўрнатилган. Ҳавога чиқарилаётган моддалар миқдорини бошқарув хонасидан автоматик тарзда доимий назорат қилиш имконияти яратилган.


Пресс-турда журналистларни қизиқтирган асосий масала Зарафшон дарёсидаги ҳолат бўлди. «Навоийазот» АЖ экологи Наргиза Саломованинг сўзларига кўра, корхона томонидан дарёга оқизилган оқова сув таркибида зарарли моддалар миқдори балиқларни ўлдирадиган даражада юқори бўлмаган.

Таъкидланишича, корхонада қарийб мингта қудуқ бор. Уларнинг барчаси магистрал қувурга уланган. «Навоийазот» АЖ оқова сувлари Саноат ва хўжалик оқова сувларини тозалаш цехига келади. Мазкур цехга келаётган оқова сувларнинг 80 фоизини Навоий шаҳри ва бошқа саноат корхоналари оқова сувлари ташкил қилади.
«2017 йилгача корхона томонидан дарёга оқизилган сувда зарарли моддалар миқдори ҳозиргидан кўп бўлган, аммо балиқлар ўлмаган. Эндиликда қудуқларга автоматик назорат қилиш технологияларини ўрнатишни режалаштиряпмиз. Кейин бунақа вазиятларда ўзимиз ҳам тўлиқ исботлаб бера оламиз», дейди корхона экологи.


Пресс-тур ташкилотчилари Зарафшон дарёсидаги ҳолат бўйича «Навоийазот» АЖ айбдор эмаслигини таъкидлашди. Шу билан бирга, журналистларга бу бўйича аниқ ва асослантирилган маълумотлар, ҳужжатлар ёки қайдномалар тақдим этилмади.
Зарафшонга заҳар оқизган кимлиги ҳақидаги асосий савол эса ҳозирча очиқ қолмоқда.
Умид қиламизки, ушбу саволга Навоий вилоят прокуратураси томонидан олиб борилаётган дастлабки тергов ҳаракатлари якуни бўйича аниқ жавоб топилади.
Мавзуга оид
16:48 / 24.02.2026
Ўзбекистонда сунъий ёмғир ёғдириш бўйича тажриба лойиҳаси яратилади
18:56 / 22.02.2026
Тошкентда меҳмонхона қуриш учун 12 туп қимматбаҳо дарахт кесиб ташланди
16:46 / 17.02.2026
Электромобил эгалари машинасини қувватлашда субсидия олади
08:18 / 09.02.2026