17:45 / 03.10.2016
4200

Дрезденда антиислом тарафдорлари Меркель ва Германия президентини ҳуштакбозлик билан қарши олишди

Дрезденда бир неча юзлаб намойишчилар канцлер Ангела Меркель ва Германия президенти Йоахим Гаукни ҳукуматга қарши шиорларда кутиб олишди. Bild нашрининг хабарига кўра, намойишчилар Pegida исломга қарши ҳаракат аъзолари бўлишган.

Германияда 3 октябрда “Немис бирлиги куни” нишонланади. Шу муносабат билан Меркель, Гаук, бундестаг раҳбари Норберт Ламмерт ва юқори лавозимли бошқа сиёсатчилар Саксонияда бўлишди. У ерда уларни Саксония вазири Станислав Тиллих транспорт вазирлиги биносида кутиб олди.

ОАВ маълумотига кўра, намойишчилар уларни қичқириқ билан қарши олишган, сиёсатчиларни сотқинликда айблашган ва Меркелни ўз лавозимидан кетишини талаб қилишган.
Айни дамда байрам тадбирлари давом этмоқда. Шаҳар хавфсизлигини ҳукуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 2,6 мингдан зиёд ходими таъминламоқда.
Маълумот учун: Дрезден — Саксония федераль ерининг пойтахти ҳисобланади. Шаҳар аҳолиси ярим миллиондан кўпни ташкил этади. Ҳудудда антимуҳожирлик кайфияти ўта юқори.

Top