Жаҳон | 12:03 / 26.11.2022
6526
2 дақиқада ўқилади

Германияга Россия визасига эга ноқонуний муҳожирлар оқими кескин ошди

Фото: Reuters

Германияга ноқонуний равишда кирган, аввалроқ Россияга борган хорижликларнинг аксарияти араб давлатлари фуқароларидир, деб ёзади Der Spiegel ҳафталик газетаси полиция маълумотларига таяниб. 

Германия ҳукумати Россияда бўлганидан кейин Германияга ноқонуний равишда кирган хорижликлар сони кескин ошганини қайд этди. Бу ҳақда 25 ноябрь, жума куни Германиянинг Der Spiegel ҳафталик нашри федерал полиция маълумотларига таяниб маълум қилди. 

Полиция статистик маълумотларига кўра, Германияга ноқонуний равишда кириб келган ва айни пайтда паспортида Россия визаси ёки Россия чегарасини кесиб ўтганлик белгиси бўлганлар сони жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб айниқса сезиларли даражада ўсган. Бу муҳожирларнинг аксарияти араб давлатлари фуқароларидир. Ҳужжатлари ва полицияга берган баёнотларига қараганда, улар аввалига Россияга ҳаво орқали етиб келган, кейин эса Беларус орқали Европа Иттифоқига кўчиб ўтган, деб ёзади нашр. 

Федерал полиция маълумотларига кўра, 2022 йилнинг май ойида Германияда ушбу схема бўйича мамлакатга ноқонуний кирган 320 нафар, сентябрда – 1200, октябрда эса 1500 нафар хорижлик рўйхатга олинган. Бу йил Германияда «Россия» йўналиши бўйича Германия чегарасини ноқонуний кесиб ўтган жами 8 мингга яқин киши қўлга олинган.

Журналистлар, шунингдек, полициянинг махфий ҳисоботига таяниб, 2022 йилнинг ёзидан бошлаб бундай ноқонуний муҳожирлар орасида яқинда Россия визаси олган шахслардан ташқари, Россияда илгари узоқ вақт яшаган хорижликлар ҳам кўпайиб бораётганини таъкидламоқда. Масалан, Россия Федерациясида, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида таҳсил олган Африкадан келган талабалар, шунингдек, Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирлари сони ортган. 

Мавзуга оид