12:09 / 05.10.2016
11979

Самвел Бабаян: Эртага гуруҳ фаворитига қарши майдонга тушамиз

Жаҳон чемпионати 2018 саралашининг учинчи босқичи доирасидаги Ўзбекистон – Эрон учрашуви олдидан матбуот анжумани ўтказилди. Анжуманнинг иккинчи қисмида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян журналистларнинг эртанги ўйин борасидаги саволларига жавоб берди. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар берди.

“Эртага учинчи босқичнинг учинчи турида гуруҳ фаворитига қарши майдонга тушамиз. Бу жамоа бежизга Осиё рейтингида биринчи ўринни эгаллаб тургани йўқ. Жамоа таркибида Европа клубларида фаолият юритадиган кўплаб футболчилар бор. Биз рақибни яхши ўрганиб чиқдик. Улар ҳақида етарлича маълумотга эгамиз ва жамоа эртанги ўйинга тўлиқ тайёр.

Одил Аҳмедов Европа лигаси доирасидаги ўйинда жарохат олганди. Аммо унинг тикланиш жараёни тез ва кўнгилдагидек ўтмоқда. Балки эртага у майдонга ҳам тушар.

Ўзбекистоннинг Қатарга қарши ўйинида ўнг қанот ҳимоясида кўплаб муаммоларга дуч келганимиз рост. Ўнг қанотда тўп сурган Ислом Тўхтахўжаев аслида марказий ҳимоячи эди ва у янги амплуасига мослашиб боряпти. Муҳими у ўз хатоларини тушуниб, кейинги ўйинларда уни такрорламасликка уриняпти. У тез орада Ўзбекистоннинг энг яхши ўнг қанот ҳимоячисига айланади.

Мени энг ҳавотирга солаётгани - таркибдаги муаммолар. Одил Аҳмедовнинг оптимал ҳолатда эмаслиги бизни ўйлантираётган асосий жиҳат.

Эронни ўрганиш жараёнида жамоанинг Ўзбекистонга қарши аввалги ўйинларини ҳам ўрганиб чиқдик ва айтишим мумкинки, уларнинг ўйин фалсафаси ўзгармаган.

Терма жамоага чақирув олган футболчилар – ҳозирда Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиларидир. Жалолиддин Машарипов ҳақида эса шуни айтишим мумкинки, у терма жамоа сафида бўлишга муносиб эканлигини исботлади ва шунинг учун ҳам у шу ерда", - дейди Самвел Бабаян. 

Top