Йил давомида мухлисларга гоҳида чексиз қувонч, гоҳида эса аламли дамларни тақдим этган Суперлига-2022 баҳсларига бугун якун ясалади. Шанба куни мамлакатимиздаги 7та стадионда ўтадиган сўнгги тур ўйинларидан кейин мамлакат чемпиони, совриндорлари ва лигани тарк этадиган омадсиз чипта соҳиблари расман маълум бўлади. Йил давомидаги интрига бугун авжига чиқади – чемпионлик тақдирига ниҳоят ойдинлик киритилади. Бош соврин Тошкентда қоладими, Наманган ёки Қаршига йўл оладими соат 19:00да билиб оламиз.

Суперлигада сўнгги марта қачон ҳозиргидек чемпионлик интригаси пайдо бўлганини энг тажрибали мухлислар ҳам эслаши қийин. Сабаби охирги 10 йилликни олсак ҳам Ўзбекистон чемпиони номи одатда камида уч тур олдин аниқланган бўларди. Бу мавсум эса «Пахтакор», «Бунёдкор», «Локомотив»нинг олтин даврлари билан ўтган Тошкент клубларининг 21 йиллик ҳукмронлигига ниҳоят барҳам берилиши мумкин. Аввалдан тахмин қилинганидек, бу масала «Бунёдкор», «Олимпик» ёки ОКМКга боғлиқ бўлиши ҳеч гап эмас.

Фото: Tribuna.uz

Чемпионлик масаласи «Бунёдкор» ва «Пахтакор» ўртасидаги учрашувда ҳал бўлиши эҳтимоли юқори. Максим Шацких шогирдлари «Насаф»нинг ўтган турда очко йўқотишидан фойдаланиб, пешқадамга айланиб олишди. «Бунёдкор» мағлуб этилса, «шерлар» амалдаги чемпионликни ўзларида сақлаб қолишади. Чемпионлик масаласи «Пахтакор»нинг ўз қўлида. Биргина ғалаба «Пахтакор» либосидаги юлдузчалари сонини 3тага етказади. Шундан ҳам ўйиннинг қадри қанчалик юқори эканини англаш мумкин.

«Насаф» мухлислари учун эса бугун жамоанинг собиқ аъзоси, клуб сафида ОФК кубоги ғолибига айланган Иван Бошкович яна қаҳрамонга айланиши мумкин. Черногориялик мутахассис «Бунёдкор» бош мураббийи сифатида муваффақиятли одимини давом эттирмоқда. У 10 йил аввал «Насаф» билан эришмаган чемпионлигини бугун собиқ жамоасига олиб бериш имкониятига эга бўлади. Қолаверса, Намангандаги ўйиннинг натижаси ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Фото: Пахтакор

«Насаф» эса грандлар додини бераётган «Олимпик»га қарши саф тортади. Темур Кападзе бу мавсум на Бабаян, на Шацких, на Бердиевга ютқазди. «Олимпик» чемпионликка даъвогар уч клубдан ҳам очко тортиб олишга эришган ягона жамоа бўлди. Рўзиқул Бердиев «Нефтчи»га қарши аламли мағлубиятдан сўнг ниҳоят бу рақибни мағлуб этишга уринади. Аммо асосини «Пахтакор» тарбияланувчилари ташкил этадиган «Олимпик» мавсумни «Пахтакор» стадионида бошни эгик ҳолда якунлашни истамаслиги аниқ.