22:53 / 14.10.2016
6877

Instagram дастури Windows 10 остида компьютерларда пайдо бўлди

Фото: theverge.com

Instagram расмий дастури стационар ПК ва планшетлар учун Windows 10 бошқаруви остида ишга тушди. Унинг ёрдамида дўстларнинг суратларини томоша қилиш, хабарларни ўқиш ва  Direct'дан юбориш мумкин, шунингдек, «ёқди» белгиларини кўриш ва созлаш имкони мавжуд. Бу ҳақда The Verge хабар қилган.

Дастурнинг веб-версиясидан фарқли жиҳати, фойдаланувчилар ўзларига ёққан суратларни Facebook ва Messenger'га улашишлари мумкин. Уни Windows Store'да юклаб олиш мумкин.

Бироқ дастурнинг анчайин жиддий чеклови ҳам бор: суратларни фақат сенсорли экран ва ички камерали қурилма эгалари қўя олишади. Шундай экан, бу дастур ноутбук-трансформер ва Windows 10 бошқаруви остидаги планшетларга кўпроқ тўғри келади.

The Next Web нашрининг ёзишича, дастур дизайни муваффақиятли чиқмаган. Сабаби, барча зарур тугмалар марказда жойлашган бўлиб, ён томонда кўплаб бўш жойлар ортиб қолган.  

Шунингдек, ички камерага эга бўлмаган оддий компьютерларда «Тарих»га сурат қўшиш вақтида  дастур ишлашдан тўхтайди ва тушунмовчиликни юзага келтиради. Агарда фойдаланувчиларга стационар ПКда сақланган ҳужжатлардаги суратлардан юклаш имкони берилганда, мантиқан тўғрироқ бўлар эди.

Top