Жамият | 11:33 / 17.04.2024
6065
2 дақиқада ўқилади

Instagram орқали фуқароларни чув тушириб келган 18 ёшли йигит қўлга олинди 

"Инстаграм"да фуқароларни чув тушириб келган 18 ёшли йигит ушланди.

Фото: AP

Самарқанд шаҳрида яшовчи 20 ёшли Б.Х. (аёл) ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан 2 400 000 сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганини маълум қилган.

Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Гулистон шаҳрида яшовчи 18 ёшли М.А. содир этгани аниқланган.

Гумонланувчи сифатида тергов ҳаракатларига жалб этилган, М.А. “Инстаграм” ижтимоий тармоғи орқали Iphone 12pro сотилади, дея ёлғон эълон жойлаштирган ва бу эълонга ишонган жабрланувчи Б.Х. (аёл) билан телефон орқали гаплашиб, уни ишончига кириш орқали, олдиндан 2 400 000 сўм миқдоридаги пулларни ўзининг фойдаланувида бўлган банк картасига ўтказиб олган ва ёзишмаларни ўчириб юбориб, унинг қўнғироқларига жавоб бермай, қора рўйхатга киргизиб қўйган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми "б" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, М.А.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Қонунга мувофиқ, ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми "б" бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Мавзуга оид