16:14 / 25.10.2016
60769

Мелис Абзалов оламдан ўтди

Фото: kinomusicnewsuz.ucoz.ru

«Чинор остидаги дуэл», «Суюнчи», «Келинлар қўзғолони», «Армон», «Майсаранинг иши», «Кўзларим йўлингда», «Ўтган кунлар», «Чимилдиқ» ва бошқа фильмларнинг режиссёри Мелис Абзалов 78 ёшида вафот этди. Бу ҳақда марҳумнинг дўсти, режиссёр Али Ҳамроев ўзининг фейсбукдаги саҳифаси орқали маълум қилган.

"25 октябрь тонги. Булутли ва ёмғирли. Стокгольмдан қўнғироқ бўлди. Ўзини тута олмай ҳўнграётган овоз. Дарҳол сўрадим:
- Назира, сизларда қандайдир бахтсизлик бўлдими?..
-Дадам вафот этди!.. Хонасидан чиқаётиб йиқилди... Инфаркт...", дейилади постда.

Сўнгги ойларда Мелис Абзалов Швецияда, қизининг уйида яшаб келаётганди.

Манбада марҳум 26 октябрь куни Стокгольм шаҳрида дафн этилиши айтилган.

Мелис Абзаловнинг бошқа қариндошлари таниқли киноарбоб билан Тошкентда, 26 октябрь куни маҳаллий вақт билан 14:00 да Муҳаммад Юсуф кўчасидаги 68-уй, 1-хонадонда хайрлашади.

Мелис Абзалов 1938 йил 18 ноябрда Янгийўлда таваллуд топган. Абзалов 1961 йил Тошкент давлат санъат институтини тугатган. 1962 йил «Ўзбекфильм»да ишлашни бошлаган. 1961—1962 йиллар Ёш томошабинлар театрида актёр бўлиб ишлаган. 1962—1965 йиллар «Ўзбекфильм» киностудиясида режиссёр ассистенти, кейинчалик режиссёр ва актёр, 1989 йилдан «Ватан» киностудиясининг бадиий раҳбари бўлиб фаолият юритган.

Абзалов ижодига комедия жанридаги фильмлар яқин бўлиб, улар ўзига хос миллий бўёқларга бойлиги, характерларнинг тўлиқ очилганлиги билан ажралиб туради. Фильмларида енгил лирика ўткир сатирик эпизодлар билан уйғунлашиб кетади.

Абзалов актёр сифатида Абдулла («Еттинчи ўқ»), Оллоёрбой («Инсон қушлар ортидан боради»), Эшон Зайнулло («Қўқон воқеаси»), Қорашоҳ («Арслоннинг саргузаштлари») ва бошқа образларни яратган.

Мелис Абзаловнинг фильмлари ўзбекистонликларнинг бир неча авлодига яхши танишдир. Унинг фильмларидаги диалоглар ўзбек халқининг мақолу маталларига айланиб кетган.

Top