16:34 / 30.10.2016
45402

Тожикистондаги Роғун ГЭС қурилиш ишларини шахсан Имомали Раҳмоннинг ўзи бошлаб берди

Фото: prezident.tj

Тожикистонда 29 октябрь куни дунёдаги энг катта тош-шағал тўғони - Роғун ГЭС қурилишига старт берилди. Уни шахсан давлат раҳбари Имомали Раҳмоннинг ўзи бошлаб берди. Бу ҳақида Тожикистон Республикаси президентининг матбуот хизмати маълум қилди. 

"Миллат раҳбари Имомали Раҳмон шахсан ўзи бульдозер рулига ўтириб, эрталабки соат 10:00дан 11:30гача, яъни бир ярим соат Вахш дарёси бўйлаб шағал ташиди ва шу тариқа тожик халқи учун муҳим аҳамиятга эга бўлган Роғун ГЭСи қурилишини бошлаб берди", - дейилади хабарда. 

Давлат раҳбари ушбу муҳим стратегик объектнинг қурилиши ва қайта тикланиши бугунги ҳамда келгуси авлод вакилларининг муносиб ҳаёт кечиришларига замин ясашини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Роғун ГЭСи мамлакат иқтисодиёти ва умуман халқ хўжалигидаги барча соҳалар ривожи учун қулай шароит яратади. 

Шунингдек, ГЭС эксплуатацияси мамлакатда тўлиқ энергетик мустақилликка эришиш борасидаги стратегик мақсад билан боғланмоқда. 

Бундан аввал ГЭС қурилиш ишлари бошланиши олдидан Вахш дарёсининг тўсиб қўйилганлиги ҳақида хабар берилганди. Роғун ГЭС Вахш дарёси бўйлаб барпо этилган навбатдаги тўққизинчи ГЭС каскади бўлади. У, Душанбе шаҳридан 110 км узоқликда жойлашган. Лойиҳага кўра, ГЭС ҳар бирининг қуввати 600 мВтни ташкил этувчи олтита агрегатдан иборат бўлади.

Станция тош-шағал тўғонининг баландлиги 335 метрни ташкил этади. Бу дунёдаги энг баланд тўғон бўлиши кутилаяпти. Роғун ГЭС 3600 мВт (йилига 17 млрд. кВт/соатдан кўп) электр энергияси ишлаб чиқариш билан минтақада энг йирик ГЭС ҳисобланади. 

Айни вақтда, иншоотни барпо этиш ишларига 15 минг киши ва 2,1 мингдан ортиқ техника жалб этилган. 

Иш жадвалига кўра, Роғун ГЭСнинг биринчи агрегати 2018 йил охирида ишга тушиши керак. Иккинчи агрегати 2019 йил апрелида фойдаланишга топширилади. Ўзбекистон Республикаси ҳукумати, минтақадаги бошқа давлатлар, хусусан Амударё қуйи қисмида жойлашган Туркманистон ҳукумати билан бирга мазкур ГЭСнинг қурилишига кескин норозилигини билдириб келади. Унинг ҳаддан ташқари баландликда, сейсмик фаол ҳудудда барпо этилаётгани Ўзбекистон жануби ва Туркманистон шарқий ҳудудларига жиддий хавф солиши мумкинлиги таъкидланади.
 

Top