Жаҳон | 09:58 / 02.11.2016
6746
2 дақиқада ўқилади

Ҳалаб жангарилари гуманитар йўлакдан чиқишга рухсат бериш учун тўлов талаб қилмоқда

Фото: РИА «Новости»

Суриянинг Ҳалаб шаҳрига ўрнашиб олган жангарилар тинч аҳоли вакиллари орасида махсус эълонларни тарқатмоқда. Унда, гуманитар йўлак орқали шаҳарни тарк этишни истаган ҳар бири киши 150 минг Сурия лираси (300 АҚШ доллари) тўлаши кераклиги ёзилган, деб хабар қилмоқда РИА «Новости» агентлиги.

Таъкидланишича, бу варақалар «Жайш ал Фатҳ Олий ҳарбий кенгаши» томонидан тарқатилмоқда.

«Бизнинг раҳбариятимиз, Сурия армияси ҳарбийлари томонидан шаҳарнинг бомбардимон қилиниши ва мавзеларнинг тўсиб қўйилгани оқибатида тинч аҳоли вакиллари чекаётган азият даражасини тушунади. Биз ўзаро маслаҳатлашган ҳолда, 14 ёшгача ва 55 ёшдан катталарга шаҳарни тарк этишга рухсат беришга қарор қилдик. Бунинг учун уларнинг ҳар бири кетиш имконияти учун 150 минг Сурия лираси тўлаши керак. Ушбу маблағлар фронтдаги жангчиларимизни таъминлашга сарфланади», — дейилади варақа матнида. 

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Ҳалаб шарқидаги барча жангарилар «Жабҳат ан-Нусра» ташкилоти гумашталари эканини айтган эди.

Мавзуга оид