Жаҳон | 15:32 / 16.11.2016
9497
3 дақиқада ўқилади

Эрдўған Мурсийни зудлик билан озод этишга чақирди

© AP Photo

Ўлим жазосидан қутилиб қолган Мисрнинг собиқ президенти Муҳаммад Мурсий озод этилиши ҳам керак. Бу фикр Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған томонидан билдирилди.

Миср кассация суди 15 ноябрь куни мамлакатнинг собиқ президенти Муҳаммад Мурсий ва «Мусулмон биродарлар» уюшмасининг қатор раҳбарларини қамоқхонадан қочиш, оммавий тартибсизликларда иштирок этиш бўйича жиноий иш юзасидан чиқарилган ўлим ҳукмига апелляциясини қондирганди. 

2011 йилда қамоқхонадан қочишни ташкиллаштириш, ҳуқуқ органлари ходимларига ҳужумлар уюштириш ва чет эл разведкалари фойдасига жосуслик қилишда айбланган Муҳаммад Мурсий ва «Мусулмон биродарлар» ташкилотининг 105 нафар тарафдори ўлим жазосига ҳукм қилинган эди. Бироқ мамлакат қонунчилигига мувофиқ, ушбу ҳукмни Миср олий муфтийси тасдиқлаб бериши керак эди.

"Ўлим ҳукми бекор қилиниши — бу катта қадам эмас. Бу инсонлар (Мурсий ва унинг тарафдорлари) 3 йилдан буён қамоқда. Улар қандай шароитларда сақлаб келингани ҳам маълум эмас. Бундан кейин нима бўлади? Умрбод қамоқ жазоси ҳақида гапиришмоқда. Йўқ. Уларни зудлик билан озод этиш керак, фақат шундай қадам ташлаш керак. Буни Мисрнинг ички ишларига аралашиш деб ҳисобланмасин. Мурсийни давлат тўнтариши орқали ҳокимиятдан четлатишган, биз бундай демократик йўлни тан олмаймиз", — деган Эрдўған Анқарада ўтган матбуот анжумани чоғида.

Мурсийнинг ағдарилишидан кейин Туркия ва Миср муносабатлари кескин ёмонлашганди. Эрдўған мисрлик ҳарбийларнинг тартибсизликларни бостиришдаги ҳаракатларини кескин қоралаган ва Мурсийни Мисрнинг қонуний президенти сифатида билишини таъкидлаганди.

Туркия 2013 йилнинг августида Мисрдаги элчисини маслаҳатлашув учун чақириб олган, ўз навбатида Мисрнинг Анқарадаги элчиси ҳам ортга қайтарилганди. Кўп ўтмай Миср туркияликлар элчисини, Туркия эса мисрликлар элчисини персона нон грата шахслар деб эълон қилди.

Эрдўған Миср билан муносабатлар яхшиланиши учун ўз шартини маълум қилди

Мавзуга оид