11:08 / 23.11.2016
22388

ШҲТ бош котиби Туркиянинг ташкилотга аъзо бўлиш истагига жавоб қайтарди

Фото: © AFP

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти таркибини тезлик билан кенгайтириш мақсадига эга эмас, дея баёнот берган тузилма бош котиби Рашид Алимов. У Туркиянинг ШҲТга қўшилиши имкониятига изоҳ берар экан, шундай фикрни билдирган. Шу билан бирга, Алимов ШҲТга аъзо бўлишни хоҳловчи мамлакатлар орасида Сурия ва Украина ҳам борлигини қайд этган. 

БМТ бош қароргоҳида Анқаранинг ШҲТга аъзо бўлиш истиқболлари ҳақида савол берган журналистларга жавоб берган Алимов, "Туркия мулоқотдаги ҳамкор давлат" эканини таъкидлаган.

"Биз кенгайишда шошилмаймиз. Ҳозир, қадам-бақадам, мажбуриятларга оид меморандумга мувофиқ, Ҳиндистон ва Покистон билан ишлаяпмиз. Биз бу жараённи якунлагач, унинг қандай ишлашини кўрамиз. Биз ташкилотни тезлик билан кенгайтириб, уни қандайдир муқобил ташкилотга айлантириш ниятида эмасмиз. Биз ўз йўлимиздан, хотиржам давом этамиз. Бизнинг ўз дастуримиз бор ва уни ҳаётга татбиқ этамиз", — деган Алимов. 

Аввалроқ, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ЕИга аъзо бўлиш мамлакат учун ягона йўл эмаслиги, расмий Анқара маъмурияти ШҲТга аъзо бўлиш масаласини Россия ва Қозоғистон президентлари билан муҳокама қилаётгани ҳақида баёнот берган эди. 

2001 йилда ташкил этилган ШҲТга Ўзбекистон, Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон аъзодир. 2015 йилда ташкилотда Ҳиндистон ва Покистонни қабул қилиш жараёни бошланган эди. Арманистон, Озарбойжон, Камбожа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка мулоқотдаги ҳамкор давлатлар ҳисобланади. 

Алимовнинг қайд этишича, "ташкилотга қизиқиш мавжуд ва ўсиб бормоқда". "Хоҳловчилар кўп. Бизда, масалан, Исроил, Миср, Сурия, Украина, Мальдив ва шу кабиларнинг аризалари бор", — деган ШҲТ бош котиби. 

Рашид Алимов Қозоғистоннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси ва ШҲТ томонидан Нью Йоркда ташкил этилган БМТ ва ШҲТнинг таҳдидларга қарши курашдаги ўзаро ҳамкорлигига бағишланган анжуманда иштирок этган. 
 

Top