17:46 / 24.11.2016
6188

Ўзбекистонда инновацион лойиҳалар учун 15 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди

Давлат бюджети масаласи бўйича сиёсий партиялар фракцияси ўз таклифларини илгари суришди.

24 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг қуйи палатадаги фракцияси аъзолари мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг дахлсизлиги кафолатларини таъминлаш, шунингдек, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга қаратилган изчил ислоҳотлар олиб борилаётганлигини алоҳида таъкидлади.

Жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш дастури доирасида амалга оширилган ишлар натижасида микрофирма ва кичик корхоналарнинг ишлаб чиқариш ҳажмлари ўсди ва ўз навбатида улар томонидан тўланадиган ягона солиқ тўлови миқдорининг ошишига замин яратилди. Мазкур даромад тури бўйича тушумлар 1 триллион сўмдан ошиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 23,3 фоизга ўсгани эътироф этилди.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзолари ўз дастурий мақсадларидан келиб чиққан ҳолда экспорт қилувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, экспортни диверсификация қилиш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиш учун янги бозорларни ўзлаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг юқори натижаларини алоҳида эътироф этди.

Шунингдек, фракция аъзолари томонидан республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга ажратиладиган субвенция улуши 2015 йилнинг мос даврига нисбатан 2,5 бандга камайганлиги ҳамда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги 14 та туман ва шаҳарлар субвенциядан чиқарилганлиги партиянинг иқтисодий соҳадаги мамлакатимиз ҳудудларини ўзаро уйғун ривожлантириш, маҳаллий бюджетлар даромадлар базасини мустаҳкамлаш каби вазифаларига тўла мос келаётганлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясидан сўзга чиққанлар мажлис иштирокчиларининг диққатини аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш тизимини янада ривожлантириш масалалари, шунингдек, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг амалга оширилишига қаратди.

Хусусан, ижтимоий соҳага ажратилган маблағлар ҳажми йилдан-йилга ошиб, жорий йил 9 ойида Давлат бюджети маблағларининг қарийб 60 фоизи йўналтирилган.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзолари таълим тизимидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, таълим жараёни даражаси ҳамда сифатини такомиллаштириш ва соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга йўналтирилган маблағларнинг мақсадли сарфланишига алоҳида эътибор қаратди.

Хусусан, илмий-техника дастурлари доирасида амалга оширилаётган илмий-техника лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилган 92,4 миллиард сўм, инновацион лойиҳаларга 15,7 миллиард сўм маблағлар мамлакатимизнинг илмий, илмий-техник салоҳиятини янада ривожлантиришда, иқтисодиётни модернизация қилиш ҳамда ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта жиҳозлашда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида қайд этди.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи аъзолари таъкидладиларки, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик муаммоларни ҳал этиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, жумладан, экологик бар­қарорликни таъминлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, замонавий ҳамда тоза технологияларнинг кенг жорий этилишига хизмат қилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокама давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олган ҳолда, Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йилнинг 9 ойлигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқлаш ҳақида тегишли қарор қабул қилди.

Top