Ўзбекистон | 21:38 / 05.04.2024
8319
6 дақиқада ўқилади

5 апрелнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

Тўқаевнинг Хивага ташрифи, ғолиблар эълон қилинган ташаббусли бюджет, интернетда тарқалган яна бир шубҳали лойиҳа, фестивалда намойиши тақиқланган ҳужжатли филм, Андижондаги ҳайдовчилар ўлимига сабаб бўлган ЙТҲ — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг.

Мирзиёев ва Тўқаев Хивада учрашув ўтказди

Хива шағрида учрашган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлигини қайд этишди.

Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ҳар томонлама амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш, илгари олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ инвестиция битимлари ва савдо шартномаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат раҳбарлари машинасозлик, энергетика, транспорт ва логистика, кончилик, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати ва бошқа тармоқлардаги қўшма лойиҳаларни илгари суриш юзасидан Бош вазирлар ўринбосарлари, Ҳукуматлараро комиссия ҳузуридаги ишчи гуруҳлар ҳамраисларининг ҳисоботларини тинглашди.

«Ташаббусли бюджет»нинг 2024 йил биринчи мавсуми ғолиблари эълон қилинди

Ушбу мавсум учун туман (шаҳар) бюджетлари ҳисобидан 3,39 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган.

Бу мавсумда республика жами 35 575 та таклиф келиб тушган, улардан 2270 таси ғолиб деб топилган.

Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров X ижтимоий тармоғида ғолиб бўлган лойиҳаларни табриклади. 

Uzbekistan Airways Россияга кетаётганлардан ўзи билан исириқ олмасликни сўради

Uzbekistan Airways Россияга жўнаб кетаётган йўловчиларга мамлакатда исириқ гиёҳванд моддаларни ўз ичига олган ва назорат қилинадиган ўсимликлар рўйхатига киритилганини эслатди

Тошкентдаги Абдулқосим Эшон мадрасасига ҳожатхона қуриб олингани аниқланди

Чилонзор туманидаги Абдулқосим Эшон мадрасаси ички қисмига ўзбошимчалик билан ҳожатхона қурилиши оқибатида ёдгорликка 65,6 млн сўм зарар етказилган.

Интернетда яна бир шубҳали лойиҳа: «Sun Eco» одамларни қуёш панелларига пул тикишга чақиряпти

Ижтимоий тармоқларда ўзини «Sun Eco» компанияси деб таништирган лойиҳа одамларни қуёш панелларини ишлаб чиқаришга инвестиция киритишга чақириб, ҳар куни 2 доллар даромад олиш мумкинлигига ишонтирмоқда. Улар Ўзбекистон ҳукумати билан 10 йиллик шартнома тузганини айтяпти, лекин бу ёлғон. 

КУН РАҚАМИ

2023 йилда Ўзбекистонда 3,1 МИЛЛИОН ТОННА мева ва резаворлар етиштирилган. Статистика агентлигининг дастлабки маълумотларига кўра, мева ва резаворлар етиштириш ҳажми 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 4,1 фоизга ошган

2023 йилда бюджетдан ажратилган субсидиялар миқдори кескин ошган

Ўтган йил давлат бюджетидан ажратиладиган субсидиялар миқдори 29 трлн 255 млрд сўмни ташкил қилган. Бу 2021 йилга нисбатан 5,2 баробарга, 2022 йилга нисбатан 2,4 баробарга кўп

Ўзбекистонга 2 ойда қанча енгил автомобил импорт қилингани айтилди

Ўзбекистон 2024 йилнинг январ-феврал ойларида хориждан қиймати 383,1 млн АҚШ долларига тенг бўлган 17 минг 553 дона енгил автомобил импорт қилган.

Ўзбекистонга 2024 йилнинг 2 ойида энг кўп енгил автомобил импорт қилинган давлатлар:

·      Хитой – 12 808 та;

·      Корея – 4 176 та;

·      АҚШ – 455 та;

·      Япония – 29 та;

·      Германия – 27 та. 

2023 йилда Ўзбекистонга тўғридан-тўғри инвестициялар миқдори камайди

Сўнгги 5 йилда фақат пандемия кузатилган 2020 йилда тўғридан-тўғри инвестициялар оқимида қисқариш кузатилган эди

Тошкентдаги фестивалда Украинадаги урушга оид ҳужжатли филм намойиши тўхтатилди. Вазирлик изоҳ берди

Тошкентда россиялик режиссёр Виталий Манскийнинг Украинадаги уруш ҳақидаги «Шарқий фронт» номли ҳужжатли филми намойиши тўхтатилган. Режиссёр бу Маданият вазирлиги буйруғи билан бўлганини айтганди.

Вазирлик филмни намойиш этишда бир қанча талаблар бузилганини қайд этиб, шу билан бирга уни тўхтатиш ўз ваколатига кирмаслигини билдирди

«Ташаббусли бюджет»да овоз йиғишга мажбурлаган Қизилтепа тумани ҳокими ўринбосари жаримага тортилди

Ўлмас Истамов тумандаги ташкилотлар раҳбарларини «Ташаббусли бюджет»да овоз йиғишга мажбурлагани учун жаримага тортилди. Бу ҳақда Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия маълум қилди

КУН ФОТОСИ

Тошкент шаҳридаги экопаркда сакура гуллади. 

Магистратура босқичига чет тили сертификати талаби қўйилгани сабаб ОТМлар молиявий зарар кўрган

Олий таълим вазирлиги ҳисоботига кўра, 2021 йилдан давлат ОТМларининг магистратура босқичига ўқишга кириш учун чет тили сертификатининг мажбурий қилиб қўйилиши квоталарнинг очиқ қолишига, оқибатда молиявий мустақил ОТМларнинг зарар кўришига сабаб бўлган

ДХХ АҚШга ноқонуний йўллар билан юборишни ваъда қилган шахсларни қўлга олди

Ўзбекистоннинг Тошкент, Андижон, Самарқанд, ва Жиззах шаҳарларида фуқароларни Мексика орқали АҚШга юборишни ваъда қилган шахслар ушланди

Ангрен шаҳар ИИБ ЖҚБ ходими гиёҳванд модда савдосига аралашгани учун қамоққа олинди

Дастлабки суриштирувларда жиноят қидирув бўлими ходими гиёҳванд моддани шериги билан сотиш мақсадида сақлаб келаётгани аниқланган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ходим ва унинг шериги қамоққа олинган

Андижон вилоятидаги ЙТҲда икки ҳайдовчи ҳалок бўлди

Хўжаобод туманида Cobalt ҳайдовчиси қувиб ўтиш қоидаларини бузиб, йўлнинг қарама-қарши йўналишига чиққан ва ўз йўлидан келаётган Damas’га урилган. Damas ҳайдовчиси бошқарувни йўқотган ва ўзи билан бир йўналишда ёнма-ён келаётган, «Москвич-412»га бориб урилган.

Cobalt ва Damas ҳайдовчилари оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай уларнинг иккиси ҳам вафот этган.

Мавзуга оид