Жамият | 19:15 / 25.11.2016
17676
5 дақиқада ўқилади

Франц Кафканинг “Ота ҳукми” номли китоби ўзбек тилида чоп этилди

25 ноябрь куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Davr Press” нашриёт-матбаа уйи билан ҳамкорликда нашр этилган Чехияда туғилиб немис тилида ижод қилган адиб Франц Кафканинг “Ота ҳукми” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда "Кун.uz"га Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Ахборот-ҳуқуқ бўлими хабар қилди.

Истиқлол йиллари Ўзбекистонда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш жараёнида ёш авлодни жаҳон адабиётининг сара асарлари билан яқиндан таништириш, умумбашарий қадриятларни тарғиб этувчи ижод маҳсулларини халқимизга етказиш, уларни дунё ёзувчи ва шоирлари ижодидан кенг баҳраманд этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бинобарин, ёшларнинг бадиий асарларни кўп ҳамда мунтазам мутолаа қилиши уларнинг миллий ва умумбашарий маданиятга, юксак маьнавий қадриятларга муносиб тарзда камол топишида муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатимиз бошқа барча соҳаларда бўлгани каби, маданий-маърифий соҳада ҳам дунёнинг кўплаб давлатлари билан яқин дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаб бормоқда. 

Тақдимот маросимида ўзбек кафкашунослари – ёзувчи ва шоирлар, таржимонлар, адабиётшунос олимлар, немис тили ва адабиёти бўйича мутахассислар, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик институтининг профессор-ўқитувчилари ва немис тили йўналиши бўйича таҳсил олаётган талабалари ҳамда китобхонлар, шунингдек Германия, Исроил ва Чехия давлатларининг Ўзбекистондаги элчихоналари, Тошкентдаги Гёте институти, Немис халқ университетлари уюшмасининг Ўзбекистондаги филиали (DVV), Фридрих Эберт номидаги фонднинг Ўзбекистон ва Қозоғистондаги ваколатхонаси, Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси, Республика байналмилал маданият маркази ва “Ўзбекистон-Германия” дўстлик жамияти вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 

XX аср жаҳон адабиётининг ёрқин намояндаларидан бири, таниқли адиб Франц Кафка (1883-1924) ижоди ўзбек китобхонларида катта қизиқиш уйғотгани бежиз эмас. Адибнинг роман, қисса ва ҳикояларида ўз даврининг ўткир ҳуқуқий, ижтимоий муаммолари, инсон руҳиятининг мураккаб қирралари, оддий одамларнинг фожиавий қисмати юксак маҳорат билан бетакрор услубда, таъбир жоиз бўлса, кафкачасига тасвирланган.

Истиқлол шарофати туфайли ўзбек адиблари ва таржимонлари томонидан жаҳон адабиётининг нодир асарлари қатори Кафканинг китоблари ҳам ўзбек тилига таржима қилиниб, кенг китобхонлар эьтиборига ҳавола этила бошланди. Шу билан бирга, кейинги даврда ўзбек адабиётида ўзига хос “Кафкашунослик” мактаби шаклланганини алоҳида қайд этиш лозим. 

Ушбу мактабнинг жонкуяр вакиллари сифатида Хуршид Дўстмуҳаммад, Назар Эшонқул, Мирзаали Акбаров, Муҳаммаджон Холбеков, Аҳмад Отабой, Эркин Эрназаров, Пошали Усмон, Вафо Файзуллоҳ каби таниқли адиб ва адабиётшунос олимлар ва таржимонларни санаб ўтиш мумкин. 

“Davr Press” нашриёти-матбаа уйи томонидан нашр этилган янги тўпламдан Франц Кафканинг ҳозирги кунга қадар ўзбек даврий матбуотида чоп этилган кўплаб ҳикоялари ўрин олган. Бундан ташқари, тўпламга ҳали даврий матбуотда чоп этилмаган ёки фақат интернет саҳифаларида эьлон қилинган таржималар ҳам киритилан.

Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу асарлар шу вақтга қадар яхлит китоб ҳолида нашр этилмаган эди. Шу маънода, Франц Кафканинг “Ота ҳукми” китобини жаҳон адабиёти атоқли намояндаси қаламига мансуб ҳикояларнинг ўзбек тилидаги илк тўплами, дейиш мумкин. 

Тўпламни нашр этиш ташаббускори – таниқли ҳуқуқшунос олим Акмал Саидов масъул муҳаррир ҳамда сўзбоши муаллифи сифатида Франц Кафка ҳаёти ва ижоди билан китобхонни яқиндан таништириш мақсадида кўплаб қизиқарли маьлумотларни тақдим этган. 

Тақдимотда Франц Кафка ижодиётининг мамлакатимизда ўрганилиши ва унинг ўзбек адабий жараёнига таъсири, ёшларни китобсеварлик руҳида тарбия топишида адиб асарларининг ўрни борасида фикрлар алмашилди.