Жаҳон | 22:45 / 25.11.2016
10557
3 дақиқада ўқилади

Ростовда FlyDubai лайнерининг фалокатга учраши сабаблари маълум қилинди

Фото: Sputnik/Scanpix

Март ойида Ростов аэропортида фалокатга учраган FlyDubai авиакомпаниясининг "Боинг" самолёти экипажи иккинчи марта қўнишга уриниш вақтида фазода мўлжални йўқотиб қўйган, деб маълум қилди тергов боришидан хабардор бўлган манба  "Интерфакс" ахборот агентлигига. 

"Юз берган воқеа тафсилотлари ҳамда самолётнинг техник кўрсаткичлари ва ҳолати ўрганилиб, самолёт сардори кўринишича иккинчи даврага кираётганда самолётнинг ҳолатини адекват баҳолай олмаганини ўрнатишга муваффақ бўлинган. Унда самолёт юқорига кўтарилаётганда хавфли ҳужум бурчагига етган деган хаёл пайдо бўлган. У бу ёлғон туйғусига асосланиб, авиагоризонт ҳолатига эътибор ҳам бермай бошқарув дастагини ўзидан итарган", деб айтган манба.

Манбанинг айтишича, учувчилар кўриш кучли чекланган шароитларда, тунги вақт ёки асбоблар бўйича парвоз қилганда шундай ҳолатга кўп учрайдилар.

"Самолёт ичида кучли тезлашиш ёки секинлашиш вақтида инсоннинг вестибуляр аппарати (ички қулоқда жойлашган, бош ва гавда мувозанатини идора қилувчи орган) мияга самолётнинг хавфли ҳолатини тўғрилаш ҳақида ёлғон буйруқлар юборади. Бунда учувчида кескин баландликка кўтарилиш ёлғон ҳисси муқаррар пайдо бўлади", деб айтди манба.

Аввалроқ АҚШда ўтказилган самолётнинг бўлаклари техник текшируви вақтида баландлик рули соз ҳолатда бўлгани, фалокатга олиб келиши мумкин бўлган техник носозликлар йўқлиги аниқлангани маълум қилинганди. Фалокатгача самолётнинг техник ҳолатига  ҳеч қандай эътирозлар бўлмаган.

Аввалроқ баландлик рули носоз бўлиши мумкинлиги ҳамда учувчининг нотўғри ҳаракатлари самолётнинг фалокатга учраши асосий сабаблари сифатида кўрилганди. Қолган версиялар жиддий муҳокама қилинмаган.

Дубайдан келаётган самолёт 19 март куни Ростов аэропортига қайта қўнишга ҳаракат қилиш вақтида мураккаб об-ҳаво шароитларида фалокатга учраган. Қўнишлар орасидаги уринишлар орасида икки соатдан кўпроқ вақт ўтган бўлган. Фалокат оқибатида самолётдаги барча одамлар – 55 йўловчи ва экипажнинг 7 аъзоси ҳалок бўлган.

 

Мавзуга оид