Ўзбекистон | 14:33 / 28.11.2016
9427
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Куба халқига ҳамдардлик билдирди

Фото: UzReport.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Куба Республикаси Давлат Кенгаши ва Вазирлар Кенгаши Раиси Рауль Модесто Кастро Русга мамлакатни бир неча ўн йил давомида бошқарган атоқли сиёсат ва давлат арбоби Фидель Алехандро Кастро Руснинг вафоти муносабати билан Куба раҳбарияти ва бутун халқига самимий далда ва таъзия изҳор этилган мактуб йўллади. Мактуб матни Ўзбекистон ТИВ сайтида келтирилган.

«Куба йўлбошчиси ўз ватанининг ҳақиқий ва содиқ ватанпарвари сифатида, бугунги Кубанинг асосчи-отаси сифатида тан олинган, Куба давлатчилигига мустаҳкам пойдевор ўрнатган, мамлакат мустақиллиги ва суверенитетини ҳимоя қилишда мардлик ва қатъийликни намоён қилган», дейилади мактубда.

«Куба халқининг мустаҳкам иродаси ва озодликка интилиши, ўз тараққиёт йўлини сақлаб қолишдаги қатъий жасорати, ҳеч муболағасиз, ушбу тарихий шахс номи билан чамбарчас боғлиқдир.

Фидель Кастро ҳар доим Ўзбекистон ва Куба ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, ҳамкорлик ва ўзаро ҳурмат тарафдори бўлган.

Куба йўлбошчисининг Ўзбекистонга ташрифини, республика бўйлаб сафари ва унутилмас дўстона учрашувларини ўзбекистонликлар яхши эслашади.

Биз эрксевар Куба халқининг дард ва қайғусига шерикмиз», - деб ёзилган Ўзбекистон раҳбарининг мактубида.

Мавзуга оид