20:58 / 04.12.2016
52232

Ота-она фарзандидан оиласини бузишни сўраса, бу талаб бажарилиши шартми?

Оила муқаддас даргоҳ. Уни барпо этиш ва мустаҳкам ушлаб туриш эр-хотиннинг бирдек вазифаси. Бу ҳақда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари гапира туриб, шундай дейдилар: “Ота-онанинг фарзандига оиласини бузишга ундаши шариатда йўқ”. 

Аввало, бир ҳолатни тушуниб олиш зарурки, ота-онага итоатда бўлиш, уларга яхшилик қилиш, ғамхўрликда бўлиш ҳар бир фарзанднинг бурчи. Қуръони каримда ҳам, пайғамбаримиз (с.а.в) суннатларида ҳам бу ҳақида аниқ кўрсатмалар бор. Ота-онанинг даражаси жуда юқори. Айрим оятларда ота-онага яхшилик қилиш амали, Аллоҳга ибодатдан кейинги даражага қўйилган.

Бироқ шариат ана шундай юксак даража берган ота-онага фарзандларининг оиласини бузишга ундашларини тақиқлайди. Аллоҳ наздида энг хунук сўз ҳисобланган “талоқ”ни фарзандларига айтдириш ҳам ота-она вазифасига кирмайди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг айтишларига кўра, ота-онасининг бу талабини бажармаган фарзанд гуноҳкор бўлмайди, уларга нисбатан исён қилган ҳисобланмайди, ҳатто улар оқ қилишган тақдирда ҳам бундай вазиятда бу ҳолат қабулга ўтмайди.

Буларни англаш, тушуниш ва ҳаётий масалалар моҳиятига етиб бориш учун ҳар бир киши умрини илм билан безатмоғи лозим. Ана шунда ҳар бир қийинчиликни чиройли ҳал этса бўлади, мавжуд муаммолар энг бошидан тўхтатилади.

 

Top