10:00 / 23.12.2016
7347

Япония императори 83 ёшга кирди

Фото: AP

Япония императори Акихито бугун ўзининг 83-таваллуд кунини нишонламоқда. Мамлакатда 1989 йилдан бери шу кун миллий байрам сифатида нишонланади. Монарх барча японларга қўллаб-қувватлов учун миннатдорчилик билдириб, мажбуриятлари ва тахтни аста-секин 56 ёшли валиаҳд Нарухитога бериш ниятида эканини яна бир бор эслатиб ўтди.

Токиодаги император саройига эса рекорд сонли японлар ва хорижлик туристлар келишди. Улар императорни таваллуд куни билан табриклашни мақсад қилишган. Ташкилотчилар ҳисоб-китобига кўра, йиғилганлар сони 33 минг кишини ташкил этди. 

Анъанага кўра, у кишилар олдида бинолардан биридаги ойна билан ёпилган болохонали айвонда рафиқаси Митико ва бошқа оила аъзолари билан бирга пайдо бўлди. Йиғилганлар Япония байроғини ҳилпиратиб, "банзай" дея қичқиришган ҳамда императорга "10 минг йил умр" тилашди.

Императорнинг ўзи эса келганларга миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, у Ниигата префектурасида рўй берган кучли ёнғин оқибатида жабрланганларга ҳамдардлик изоҳ этган ҳамда Таиланднинг вафот этган қироли ҳақида ҳам эслаб ўтди. 

Японияда бу кун дам олиш куни этиб белгиланган. Жорий йилдаги тадбирга эса эътибор айниқса кучли. Сабаби Акихито августда тахтдан кетиш ва уни ўзининг катта ўғли – 56 ёшли Нарухитога бериши ҳақида маълум қилганди. Айни дамда ҳукумат қошидаги махсус комиссия ушбу масалани кўриб чиқмоқда.

Гап шундаки, амалдаги қонунчиликка кўра, император тахтда ўлимига қадар қолиши керак. Бироқ, сўровлар натижасига кўра, японларнинг аксарияти Акихитонинг бундай қарорини тушуниш билан қабул қилишган.

Акихито 1933 йилнинг 23 декабрь куни таваллуд топган. У дунёдаги энг йирик монархия авлоди вакили саналади. Акихито 1952-1956 йилларда Токионинг Гакусюин университетидаги сиёсат ва иқтисодиёт факультетида таҳсил олган. У 1952 йилнинг 10 ноябрь куни тахт вориси сифатида эълон қилинган. Япониянинг 125-императорига эса 1989 йилнинг 7 январь куни, отасининг ўлимидан сўнг айланди. 
 

Мавзуга оид
Top