Жаҳон | 22:53 / 23.12.2016
51989
4 дақиқада ўқилади

Туркия ИШИДга қарши курашда охиргача боради ёхуд турк аскарларининг намойишкорона қатли

Суриянинг Ал-Баб шаҳри учун аёвсиз кураш фонида ИШИД асирга олинган икки нафар турк чегарачисини намойишкорона ёқиб юборди. Интернетда тарқатилган видеотасвир 19 дақиқа давом этади. 

Видеоёзув бошланишида Туркия исломга хиёнат қилгани ва "кофирлар" билан дўст тутингани тўғрисидаги баёнотдан бошланади. Ушбу баёнотларга параллель равишда Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ раҳбари Барак Обама билан учрашувларидан лавҳалар намойиш этилади. 

Видеонинг қотилликка доир қисмида бўйни атрофида темир занжир ўралган икки нафар турк зобити панжара ичида намойиш этилади. Зобитлардан бири ўзини 21 ёшли чегарчи Сафтер Таш, иккинчиси эса 26 ёшли чегара разведкаси ходими Фатхи Шаҳин, дея таништиради. 

Шундан сўнг ИШИД жангарилари чегарачиларни "итлар" деб ҳақорат қилиб, уларни қафасдан олиб чиқишади ва очиқ жойда уларни тириклайин ёқиб юборишади. 

Ўлимдан олдин турк зобитларидан бири шундай дейди:

"ИШИД ерларидан кетинг, токи бизнинг бошимизга тушган кўргуликлар сизгача етиб бормасин. Биз узоқ вақт асирликда бўлдик, бироқ турк ҳукуматининг бизга вақти бўлмади. Бизнинг ҳозирги ҳолатимиз турк ҳукумати виждонига ҳавола. Бир кун келиб, сизнинг фарзандларингиз ҳам бизнинг ўрнимизда бўлиши мумкин". 

Turkey Blocks порталининг хабар беришича, видеоёзув тарқалганидан кейин Туркия ҳукумати Twitter, Facebook ва YouTube'га киришни чеклаб қўйган.

Чоршанба куни Haber Turk газетаси Ал-Баб шаҳрининг катта қисми турк ҳарбийлари ва Сурия мухолифати назоратига ўтгани, лекин жанг ҳали давом этаётгани ҳақида маълум қилди. Нашрнинг аниқлик киритишича, жангарилар Мўсулдаги кучларини ҳам шаҳарга жалб қилишмоқда. 

Пайшанба куни Reuters агентлиги Анқара 24 август куни Сурияда бошланган "Фрот қалқони" операцияси давомидаги энг катта йўқотишларни бошдан кечирганини маълум қилди. Сўнгги маълумотларга кўра, Ал-Баб учун курашлар натижасида 16 нафар ҳарбий ҳалок бўлган, 33 нафар аскар турли жароҳатлар олган. 

Turkish Minute нашри хабар қилишича, бугунга келиб ҳалок бўлган турк ҳарбийларининг умумий сони 37 нафарни ташкил қилмоқда. 

Anadolu агентлиги маълум қилишича, ИШИД 200га яқин жангарисини йўқотган. Шунингдек операция бошланган вақтдан буён жами 1 мингга яқин жангари ўлдирилганлиги таъкидланган. Пайшанба куни Анқарадаги матбуот конференциясида сўзга чиққан Ражаб Тоййиб Эрдўған "ИШИД Ал-Бабда сўнгги кунларини яшаётган"ини айтди.

Замонавий Туркияни ўрганиш марказининг сиёсий йўналиш раҳбари Юрий Мавашевнинг таъкидлашича, бу шаҳарда вазият ҳақиқатдан жиҳодчилар фойдасига ҳал бўлмаяпти. Унинг фикрича, агар турклар Ал-Бабдаги назоратни ўз қўлларига олишса, ундан кейин "Раққага юриш" қилишади. 

Маълумки, жангарилар 2014 йилда Раққани ўз пойтахти дея эътироф этишган. 300 минг аҳолига эга бу шаҳар Фрот дарёси яқинида жойлашган. Раққа ўз гидроэлектр станциясига эга, атрофда нефть конлари талайгина. 

"Туркия армияси катта йўқотишларга дуч келаётган бўлса-да, бу Анқара Суриядаги амалиётни тўхтатади дегани эмас. Аксинча, ҳамма нарса туркларнинг ҳужумни янада кучайтиришидан далолат бермоқда", - деб ҳисоблайди туркшунос Мавашев. 

Турк ҳарбийларининг қатл этилиши акс этган видотасма ИШИДнинг Ражаб Тоййиб Эрдўғанга ташқи сиёсий курсни ўзгартиргани ва жангарилар тасарруфидаги ҳудудларга кирганини кечирмаслигини яна бир бор намойиш қилмоқда...

Мавзуга оид