18:29 / 23.01.2017
19788

Медиаҳафтанинг 1-куни: Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари

Бугун 23 январь куни пойтахтдаги "International Hotel Tashkent" меҳмонхонасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегияси" лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси дастурига старт берилди.

Шуни таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан долзарб масалаларни комплекс равишда таҳлил қилиш, кенг жамоатчилик қатламлари, экспертлар шарҳи, фикр-мулоҳаза ва таклифларни ўрганиш мақсадида ҳужжат лойиҳасини умумхалқ муҳокамасига киритиш бўйича қарор қабул қилинди. 

Жамоатчилик муҳокамасига бағишланган медиа-ҳафталик дастури мазмунан икки қисмга бўлинган бўлиб, ундан Ҳаракат стратегиясининг бешта йўналиши тақдимотлари, улар юзасидан очиқ муҳокама ва мунозара тарзидаги брифинг, матбуот анжуманлари ва ток-шоулар ўрин олган. Тайёрланган барча медиаматериаллар ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларга жойлаштириб борилади. 

Жорий йилнинг "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилиниши муҳим аҳамиятга эга. Президентимиз доимий равишда халқ билан мулоқот қилишга қаратилган Стратегияни қабул қилишдан олдин уни оммавий-ахборот воситаларида эълон қилиш, бутун Ўзбекистон халқининг қизиқишларини тўла инобатга олинишини таъминлаш мақсадида аҳоли ўртасида кенг муҳокамани ташкил этиш зарурлигини алоҳида қайд этди. 

Расмий очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Сенати раисининг ўринбосари Светлана Артикова, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Ўзбекистон электрон оммавий ахброт воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Музраф Икромов ва унинг ўринбосари Нодир Жўраев, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг биринчи ўринбосари Жамшид Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазири ўринбосари Дилмурод Турдиев, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Жавлон Ваҳобов иштирок этди. 

Медиа-ҳафталикнинг биринчи йўналиш тақдимоти: Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари. Мазкур йўналиш муҳокамасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Музраф Икромов, Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси қўмита раиси Илҳом Абдуллаев, Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари, сенатор Толибжон Мадумаров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Нодиржон Мухторов ва Раҳимжон Ҳакимов, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Шерматов, Ўзбекистон Республикаси ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси кафедра мудирлари Шерзод Зулфиқоров ҳамда Ойбек Турғунов, шунингдек Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбсари Гулнора Маъруфова қатнашди. Тадбир иштирокчилари томонидан қатор таклифлар ва мулоҳазалар билдирилди. 

Тадбирда ҳар бир соҳа вакили, ҳар бир фуқародан муайян йўналишлар бўйича таклифлар кутиб қолиниши таъкидланди. 

Шуни қайд этиш лозимки, мазкур тадбир Ўзбекистон тарихида бундай даражадаги биринчи мулоқот ва муҳокама ҳисобланади. Унда баландпарвоз гаплардан реал ҳаракатларга ўтадиган вақт келгани, бу кўринишдаги муҳокамаларни давом эттириш кераклиги таъкидланди. Бундан ташқари, маҳаллий кенгаш ва сиёсий партиялар ролини кучайтириш лозимлиги ҳамда Ўзбекистон аталмиш умумий уйимизни барчамиз ҳамжиҳатликда қуришимиз кераклиги таъкидланди. 

Top