20:40 / 24.01.2017
3807

Ўзбекистон-Хитой вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг навбатдаги раунди бўлиб ўтди

2017 йилнинг 24 январь куни Пекин шаҳрида Ўзбекистон-Хитой вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг навбатдаги раунди бўлиб ўтди. Хитой томонидан ХХР ташқи ишлар вазири ёрдамчиси Ли Хуэйлай бошчилигидаги делегация иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Музокаралар давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги муносабатларнинг ҳолати ва уларни чуқурлаштириш истиқболлари ҳамда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинпиннинг 2016 йил 21 22 июндаги Ўзбекистонга ташрифи доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни батафсил муҳокама қилинди.

Учрашувда бўлажак юқори ва олий даражадаги ташрифларга тайёргарлик жараёни кўриб чиқилди.

Шу куннинг ўзида Пекин шаҳрида Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмитасининг хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик бўйича қуйи қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтиб, унда мазкур соҳадаги ҳамкорлик сарҳисоб қилинди ва истиқболлари белгилаб олинди, халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Top