14:33 / 30.01.2017
12691

Украина генерали Қримни қайтариш учун Севастополни Россияга қолдиришни таклиф қилди

Украина Қуролли кучлари Бош штаби раҳбарининг собиқ ўринбосари, генерал-лейтенант Юрий Думанский Қримни қайтариб олиш борасида ўз таклифини билдирди. Унинг баёнот беришича, бунинг учун расмий Киев Севастополни Қора денгиз флоти базаси сифатида Россияга қолдириши керак. Генерал «Апостроф» нашрига берган интервьюсида шу ҳақда сўз юритган.

У Украина қандай қилиб ярим оролни қайтариб олиши мумкин?, деган саволга шундай жавоб берган. «Биз, масалан, РФнинг асосий Қора денгиз флоти сақланадиган Севастополни қандайдир ўтиш даврида қолдиришимиз мумкин», — дея ўз фикрини билдирган Думанский.

26 январда Украина ҳукумати Қримни мамлакат таркибига қайта интеграция қилиш бўйича режа тайёрланаётганини эълон қилди. Вақтинча босиб олинган ҳудудлар ва ички кўчирилган шахслар масалалари бўйича вазир Вадим Чернишнинг айтишича,  стратегия ярим орол аҳолисига маъмурий хизматлар кўрсатиш ҳамда масофадан таълим олиш имкониятини тақдим этишни кўзда тутади. 

Кейинроқ, Қрим республикаси бош вазири ўринбосари, ички сиёсат, ахборот ва алоқа вазири Дмитрий Полонский ярим оролни Украинага қайтариш бўйича дастурни эълон қилган Киев мулозимларини «ахмоқлар» деб атади. 

«Ушбу дастур муаллифлари Қрим аҳолиси билан муносабатларни тиклашни ўзларича қандай тасаввур қилаётгани қизиқарли. Улар, нима, тўсиб қўйилган Шимолий Қрим каналидан уч челакдан сув олиб, ҳар бир фуқарога юбормоқчими? Ёки блекаут (электрэнергияси манбасидан узиб қўйиш) учун товон сифатида Украина электрэнергияси билан қувватланган аккумулятордан юборишадими?» — деган бош вазир ўринбосари. 

Top