«Нега доим Украина ён бериши керак?» Кулеба Россия қачон музокараларда иштирок этиши мумкинлиги ҳақида гапирди
Украина ТИВ раҳбари «тажовузкорни тинчлантириш» сиёсати янада каттароқ урушга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Россия 15-16 июн кунлари Швейцарияда ўтказиладиган саммит доирасидаги тинчлик музокараларида қатнашиши мумкин, фақат умумий тамойилларга эга бўлган давлатлар коалицияси тузилганидан кейин, дея маълум қилди Украина ТИВ раҳбари Дмитро Кулеба Foreign Policy учун берган интервюсида. Вазир урушга барҳам бериш учун музокараларда можаронинг икки томони ҳам иштирок этиши талаб этилишини айтган, аммо музокаралар бўйича олдинги уринишлар Россия эмас, Украина қайси масалаларда ён бериши кераклиги асосига қурилганини айтиб, эътироз билдирган. Кулеба бундай ёндашувни Россия пропагандасининг муҳим муваффақиятларидан бири деб атаган ва Украина «кўпроқ ҳурматга лойиқлиги»ни таъкидлаган. Шунингдек, Украина ТИВ раҳбари интервю давомида Россия ҳарбий ишлаб чиқаришда бутун ғарбий алянсни ортда қолдираётганини айтиб, иттифоқчиларни «тажовузкорни тинчлантириш» сиёсатини олиб боришдан қайтариб, бундай сиёсат янада каттароқ урушга олиб келиши ҳақида огоҳлантирган. Қуйида Дмитро Кулебанинг интервюсидан асосий жойлари келтирилади.
Россия Швейцариядаги тинчлик саммитига таклиф этилмади, чунки музокара ўтказиш учун олдинги уринишлар ушбу давлат келишувга риоя қилмаётганини кўрсатган, аммо тинчлик жараёни бўйича умумий тамойил ва ёндашувларга эга мамлакатлар коалицияси тузилиши билан унинг ҳам иштироки мумкин бўлади, деган Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба.
«Агар Россия Украинага қарши бошлаган урушга дарсликлардаги дипломатия билан ёндашсангиз, сизнинг нуқтайи назарингиз ўринли бўлади. Чунки биз ўқиган барча дарсликларда столга ўтириш ва музокаралар олиб бориш учун икки томон кераклиги айтилган», — деган Кулеба бошловчининг Россия музокараларда иштирок этиши эҳтимоли тўғрисида берган саволига жавобан.
Аммо Россия билан боғлиқ ҳолатда, унинг сўзларига кўра, унинг «виждонан» ҳаракатланишига кафолат керак бўлади. Бунга фақат икки йўл олиб келиши мумкин, дея қайд этади Кулеба: Украинанинг жанг майдонидаги муваффақияти ёки келгуси стратегиялар қуриладиган умумий тамойилларга эга бўлган мамлакатлар коалициясини тузиш.
«Шундан кейин Россия билан мулоқот қилиш ва Россия музокараларда иштирок этиши мумкин. Чунки сиз ҳақсиз: алал-оқибат урушга икки томон иштирокисиз барҳам бериб бўлмайди», — дея қўшимча қилган Кулеба.
ТИВ раҳбари 2014 йилдан 2022 йилга қадар бўлган даврда Украина Россия билан турли форматларда музокараларнинг қарийб 200 га раундини ўтказгани, аммо «ҳеч нарса ёрдам бермагани»ни эслатган. «Ўйлайманки, Россия пропагандасининг энг катта муваффақиятларидан бири шундаки, у одамлар Украина қандай масалаларда ён бериши кераклигини муҳокама қилишига эриша олади», — деган Кулеба. У одамлар ҳеч қачон уруш тўхтатилиши учун Россия қандай масалаларда ён бериши кераклигини муҳокама қилмаслигини таъкидлади.
«Биз ён беришлар ҳақидаги бундай гапларни давом эттиришмиз [РФ ТИВ раҳбари Сергей] Лавров барчага гапириб юришни хуш кўрадиган тарихга — аслида ҳеч қачон бўлмаган Истанбул келишувлари ҳақидаги гапларга ўтишимиз мумкин. Биз ўзимизга беришимиз керак бўлган савол шуки, — биз нима учун доим гапни Украина ён бериши кераклигидан бошлаймиз? Биз бундай фикрлаш йўналишини қатъиян рад этамиз. Биз етарлича қурбонлик бердик, биз етарлича жанг қилдик ва яна нимани қурбон қилишимиз мумкинлиги ҳақидаги гаплардан кўра кўпроқ ҳурматга лойиқмиз», деган у.
Кулебанинг сўзларига кўра, одамлар «Украина қўллаб-қувватловга нега нолойиқ эканини изоҳлаш учун энг ақл бовар қилмайдиган аргументларни ўйлаб топади». Аммо, унинг фикрича, Украинанинг урушдаги мағлубияти «домино эффектини келтириб чиқаради» ва ғарб давлатлари учун таҳдид туғдиради — айниқса, Россия қуроллар ишлаб чиқаришда анча самаралироқ эканини кўрсатаётгани инобатга олинса. «Урушнинг икки йили давомида Россия қурол ишлаб чиқаришда бутун ғарбий алянсга қараганда самаралироқ бўлди. Бу ёмон белги. Агар биз ўзимиз билган дунёни ҳимоя қилишга жиддий қарасак, вазият ўзгариши керак», — деган Кулеба.
Унинг сўзларига кўра, Украина учун энг катта хавфни россияликларнинг мамлакат энергетика тизимини вайрон этаётган баллистик ракеталари туғдирмоқда. Кулебанинг баҳоларига кўра, Россия зарбалари Украина энергия тизимининг ярмини ишдан чиқарган. «Айтишим мумкинки, агар бошқа мамлакат энергетикаси бундай кўламда вайрон қилинганида, у Украинадан ёмонроқ ҳолатга тушган бўларди. Биз бардош беряпмиз, чунки кўп нарсани ўргандик. Биз чидамлимиз; биз ўртага нималар тикилганини биламиз. Аммо томошабинларингизга тушунарлироқ бўлиши учун айтаман: энергетика тизимимизнинг ярми шикастланган, биз ҳали мамлакатни бошқаришимиз, ҳарбий ҳаракатлар олиб боришимиз ва бутун дунёдан ёрдам олишимиз керак».
У Европа мамлакатлари АҚШдан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб беришни талаб қилиши мумкинлигини таъкидлаган. «Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари — иқтисодиётимиз учун ҳам, шаҳарларимиз ва тинч аҳолимиз ҳаёти учун ҳам жуда керак нарса», — дейди Кулеба. У Брюссел ва Вашингтон Украинага ёрдам бериш учун ҳамкорлик қилиши мумкин бўлган масала сифатида Россиянинг музлатилган активларидан фойдаланишни келтирган.
Умуман олганда, иттифоқчилар уни жавобгарликка торта олмагани учунгина Россия билан муносабатларда «келишиш» сиёсати юритмаслиги керак, дея қайд этади Кулеба. «Бирор давлатга „уларни жинояти учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга мажбурлаб бўлмайди, уларни ўзгартириш имконсиз, келинглар, бунинг ўрнига уларнинг жинояти қурбонини ўзгартиришга ҳаракат қиламиз“ деган нуқтайи назардан ёндашсак, — бу тажовузкорни тинчлантириш дейилади. Агар кимдир турли ташқи сиёсат концепциялари ва тинчлик саъй-ҳаракатлари ниқоби остида шундай сиёсат юритмоқчи бўлса, биз тарихдан биламизки, бу янада каттароқ урушга олиб келади», — деган Украина ТИВ раҳбари.
Мавзуга оид
22:34 / 24.12.2024
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
20:22 / 24.12.2024
Фронтдаги вазият: Россия ва КХДР қўшинлари Курск областида юришнинг янги тўлқинини амалга оширмоқда
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
22:14 / 21.12.2024