Ўзбекистон | 15:03 / 31.01.2017
22622
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда миллий масс-медиа майдонининг 63,4 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келмоқда

2017 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларининг сони 1 минг 510 тадан ошди. Уларнинг мингдан зиёди анъанавий ОАВ бўлса, қарийб 400 таси интернет нашрлари экани миллий масс-медиа маконида электрон оммавий ахборот воситаларининг ўрни тобора ортаётганидан далолат бермоқда. Бу ҳақда ЎзА маълум қилмоқда.

Пойтахтимизда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан соҳанинг ривожланиши ва истиқболларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида қайд этилганидек, бунда мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган изчил саъй-ҳаракатлар муҳим омил бўлмоқда.

2016 йилда агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 42 босма, 92 электрон оммавий ахборот воситаси давлат рўйхатидан ўтказилган. Соҳада хусусий секторнинг салмоғи ортмоқда. Жорий йилнинг бошида давлатга қарашли бўлмаган ОАВ сони 975 тага етган, яъни миллий масс-медиа майдонининг 63,4 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келган.

Ушбу тенденция нашриётчилик фаолиятида ҳам кузатилмоқда. Фаолият кўрсатаётган 120 дан зиёд ноширчилик корхонасининг қарийб ярми нодавлат нашриётлар экани мазкур йўналишда кучли рақобат муҳитининг шаклланишига хизмат қилмоқда.

Матбаа соҳасини жаҳон андозалари даражасида ривожлантириш, полиграфия корхоналарини модернизациялаш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати яхшиланмоқда. Ҳозирги кунда мамлакатимизда айни йўналишда фаолият кўрсатаётган 1 минг 750 дан ортиқ корхона аҳолининг матбаа маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминламоқда.

Биринчи Президентимизнинг 2011 йил 30 декабрдаги «Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар бериш тўғрисида»ги қарори билан соҳа корхоналари беш йил муддатга бир қатор солиқ ва божхона тўловлари тўлашдан озод этилганди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 27 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида»га қарорига мувофиқ мазкур имтиёзлар муҳлати яна икки йилга – 2019 йилгача узайтирилди.

Микрофирмалар ва кичик корхоналарга мансуб бўлган матбаа ташкилотлари учун ягона солиқ тўлови ставкаси 6 фоиздан 5 фоизгача камайтирилди. «Ижод» жамоат фондига тўланадиган мажбурий ажратмалар миқдори икки фоиздан бир фоизгача пасайтирилди.

– Агентлик томонидан юртимиз ижодкорларига кенг шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Агентлик бош директори ўринбосари К.Мансуров. – Жумладан, Биринчи Президентимизнинг 2010 йил 26 февралдаги «Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида «Ижод» фондини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Ёзувчилар уюшмаси томонидан тақдим этиладиган иқтидорли ёш ёзувчиларнинг ижод намуналарини чоп этишга молиявий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Бундан ташқари, ҳудудий бошқармалар қошида ташкил этилган нашриётлар томонидан ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
 

Мавзуга оид