18:41 / 04.02.2017
44493

“Қамчиқ довони” ёпилган вақт ФВВ ходимларининг ҳаракати одамлар эътирофига сазовор бўлди

Архив фотоси

3 феврал куни соат 9:40да “Қамчиқ довони”да А-373 "Тошкент-Ўш" автомобиль йўлининг 233-километрида 1000 куб метр ҳажмдаги қор кўчкиси юз берди. Соат 10:30да эса шу йўлнинг 243-километрида 250 куб метрлик қор кўчкиси содир бўлди.

ФВВ ва "Ўзавтойўл" компанияси кучлари билан йўлни қордан тозалаш бўйича тадбирлар ўтказилди. 

Довонни кечиб ўтишга имконияти бўлмаганлар Оҳангарон, Ангрен шаҳарлари ва Поп тумани умумий овқатланиш пунктларида жойлаштирилмоқдалар. Уларга барча шароитлар, иссиқ егулик, сув, дам олиш учун жойлар муҳайё қилинган.

Гувоҳлардан бири, ҳайдовчилик билан шуғулланувчи Абдулазизов Машрабнинг гувоҳлик беришича, Республика Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бўлинмасидан келган ходимлар одамларга ёрдам беришган. 

Жумладан, кексалар, аёллар ва болаларни Оҳангарон туманидаги коллежлардан бирининг ётоқхонасига жойлаштиришган. Улар учун зарур шароитлар яратилган. Эркаклар яқин атрофдаги чойхоналарга жойлашишган.
“ФВВ ходимларининг мазкур ҳаракати одамларни жуда қувонтирди. Кексаларимиз улар ҳақига дуо қилиб қолишди”, дейди М.Абдулазизов.

Бундан аввалроқ бугун соат 12:00 дан автотранспорт воситаларининг икки томонлама ҳаракати йўлга қўйилгани хабар қилинган эди. 

Top