Ўзбекистон | 18:59 / 13.02.2024
76508
3 дақиқада ўқилади

Жамоатчиликдан икки кун яширилган даҳшатли авария. Олим Саидовнинг ахборот хизматига «тезлик чекланганми?» 

11 феврал куни Қамчиқ довонида содир бўлган мудҳиш ЙТҲ ҳақида икки кундан сўнг, ижтимоий тармоқларда ҳодиса жойидан олинган кадрлар тарқала бошлагачгина расмий хабар берилди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати сўнгги вақтларда негадир бундай ҳолатларни «енг ичида» сақлашни маъқул кўрмоқда. 22 январ куни Бухоро вилоятининг Жондор туманида 5 киши ўлимига сабаб бўлган ЙТҲ ҳали ҳам оммадан яшириляпти. 

Фото: ФВВ

Республиканинг турли ҳудудларида кунора йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлади. Уларнинг каттагина қисми инсонлар ўлими билан якун топади. 

Албатта, аварияларнинг аксарияти ҳайдовчиларнинг қўпол қоидабузарлиги билан содир этилади. Уларнинг хатосини бошқа бир ҳайдовчи такрорламаслиги, йўлда юрувчилар хулоса қилиши учун мазкур ЙТҲлар ҳақида тезкор ахборотлар бериб борилиши зарур. 

Аммо кейинги вақтларда Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати негадир бундай ҳолатларни оммадан яширишга уринмоқда. 

Жумладан, 11 феврал куни тунда Қамчиқ довонида мудҳиш ЙТҲ содир бўлган. Тафсилотлар қуйидагича: Қамчиқ довони ҳудудидан ўтган халқаро аҳамиятдаги А-373 автомобил йўлининг 222-километрида DAF ҳамда Isuzu машиналари тўқнашган. DAF ҳайдовчиси ҳаракат хавфсизлигини таъминламасдан, йўлнинг хавфли бурилиш қисмида бошқарувни йўқотган. 

Бунинг оқибатида икки ҳайдовчи ҳамда уч нафар йўловчи тан жароҳати олиб воқеа жойида вафот этган. 

Аммо мазкур ЙТҲ ҳақида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати икки кун ўтиб, видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалганидан кейингина расмий маълумот берди

Шу каби ЙТҲ 22 январ куни Бухоро вилоятининг Жондор туманида содир бўлган: «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу» А-380 автомагистрал йўлининг Жондор тумани ҳудудидан ўтган 299-километрида Isuzu қарама-қарши йўналишда келаётган Lacetti билан тўқнашиб кетган. 

Жондор тумани ҳокими ЙТҲнинг оқибатларини бартараф этиш ва шу каби бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш тўғрисида фармойиш чиқарди.

ЙТҲ оқибатида 5 киши ҳалок бўлган. Бироқ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати 20 кун ўтса-да, мазкур ҳодиса юзасидан расмий ахборот бермади.

Kun.uz’нинг вилоятлардан биридаги ЙҲХБда ишловчи манбаси содир бўлган ЙТҲларни имкон қадар оммадан яшириш ҳамда тафсилотларни ошкор этмаслик бўйича «юқоридан» топшириқ бўлганини тасдиқлади.  

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати нега бундай йўл тутаётгани ҳозирча номаълум. ЙТҲни яшириш улар сонини камайтириши ҳақидаги фикр эса шунчаки абсурддир.

Маълумот учун, тизимга 4 йилдан буён полковник Олим Саидов раҳбарлик қилиб келади. У 2019 йил ноябр ойида Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи, 2022 йил январ ойидан эса ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи лавозимига тайинланган.

Мавзуга оид