Ўзбекистон | 17:08 / 09.02.2017
6027
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Ўзбекистон-Чехия бизнес-форуми ва кооперация биржаси бўлиб ўтди

2017 йилнинг 9 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан Чехия Республикасининг МДҲ давлатлари бўйича Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида, чех компаниялари иштирокида Ўзбекистон-Чехия бизнес-форуми ва кооперация биржаси бўлиб ўтди.

Тадбирни ташкил этишдан кўзланган мақсад Ўзбекистон ва Чехия компаниялари ўртасида савдо алоқалари йўлга қўйилишини қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистонда бизнес юритиш бўйича чех компанияларининг тажрибаси тақдимотини ўтказиш, янги қўшма корхоналарни ташкил этиш ва янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини кўриб чиқишдан иборат.

Ишбилармонлик учрашуви чоғида шунингдек, икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ўзаро муносабатларга доир масалалар ҳам муҳокама қилинади.

Қайд этиш керакки, иқтисодий, саноат ва илмий-техник ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Чехия Ҳукуматлараро комиссиясининг учрашувлари мунтазам равишда ўтказилади (сўнгги 7-учрашув 2013 йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди). Ушбу тадбир якунлари бўйича ўзаро савдо ҳажмини ошириш, фармацевтика, кимё ва тўқимачилик тармоқларида лойиҳаларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда туризм каби соҳаларда ўзаро келишувларга эришилди.

Ҳозирда Икки томонлама савдо бўйича кўрсаткичларни қуйидаги рақамларда кўриш мумкин:

2016 йил давомида (январь-июнь) ўзаро савдо ҳажми 36,2 млн. АҚШ долларини, жумладан, экспорт – 7,3 млн. АҚШ долларини, импорт – 47,5 млн. АҚШ долларини ташкил этди;

Экспортнинг асосий позициялари: транспорт хизматлари (25,1 фоиз), пахта матолари (61,4 фоиз), электр ускуналар (10,2 фоиз), цемент (2,5 фоиз) ва бошқалар.

Импортнинг асосий позициялари: шиналар (28,6 фоиз), механик ускуналар (28,2 фоиз), фармацевтика маҳсулотлари (14,5 фоиз), пластмасса буюмлар (7,2 фоиз), электр ускуналар (6,8 фоиз), шакар ва қандолат маҳсулотлари (2,1 фоиз) ва бошқалар.

Мавзуга оид