11:16 / 15.02.2017
24422

Даража – маърифатдан, бойлик эса илмдандир

Ислом дини инсон манфаатлари ва жамият тараққиётига хизмат қилувчи ҳар қандай кашфиёт ва янгиликларни юксак қадрлаган, қўллаб-қувватлаган. Ислом таълимотида илмнинг юксак қадрланишини ҳадислар ҳам тасдиқлайди. Буюк бобокалонимиз Имом Бухорий таъкидлаганларидек: «Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай».

Албатта, ислом илм-маърифатга асосланган диндир. Исломнинг асосий манбалари ҳисобланган Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифда илм ўрганишга ва уни ўргатишга тарғиб қилиниб, аксинча, илмсизлик ёки уни ўрганишга лоқайдлик қаттиқ қораланади. Жумладан, Қуръони каримнинг илк нозил бўлган оятининг ўзидаёқ Аллоҳ таоло «Ўқи!» деб амр қилди. «Илм» сўзи турли маъноларда Қуръонда 811 ўринда такрорланиши унинг ўрни қанчалик юқори эканини кўрсатади.

Расулуллоҳ алайҳиссалом ўзларининг кўплаб ҳадисларида илм эгаллашга, олимларни яхши кўришга чақирганлар. Жумладан, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: «Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир» деб таъкидлаганлар. Қуръони каримда: «Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур»(Мужодала, 11), дейилган. Ибн Ҳажар Асқалоний ушбу оятни қуйидагича тафсир қилади: «Албатта даражаларни кўтариш улуғ фазлу марҳаматга далолат қилади ва дунёда олий мартаба, шон-шуҳрат каби маънавий юксакликни ҳамда жаннатдаги олий мартаба каби ҳиссий юксакликни ўз ичига олади». 

«Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири»да эса ушбу оят қуйидагича тафсир қилинади: «Илм ва олимларнинг фазилатлари, икки дунёда эришадиган даража ва мартабаларига доир оят ва ҳадислар жуда кўп учрайди. Расул алайҳиссаломдан олим кишининг бир кунлик ибодати илмсиз обиднинг қирқ йиллик ибодатига тенг экани, қиёматда шафоат қилиши, агар у таълим ҳам берса, Ер ва осмонлардаги барча жонзот Аллоҳдан унга мағфират сўраши ва бошқа кўп башоратлар саҳиҳ ҳадислар орқали ривоят қилинган. Сулаймон алайҳиссаломга Аллоҳ таоло илм, бойлик ва подшоҳликдан бирини танлашни буюрганида у илмни танлайди. Илмнинг шарофатидан унга бойлик ва подшоҳликни ҳам қўшиб беради».

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: «Абу Дардо (р.а.): «Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганларини эшитдим:«Ким илм истаб бир йўлдан юрса, Аллоҳ уни жаннат йўлларидан бирига йўллаб қўяди. Фаришталар илм толиби учун қанотларини пасайтирадилар. Албатта, олим ҳақига осмонлару ердагилар, ҳаттоки, сув остидаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар. Олимнинг обиддан афзаллиги бадр кечасидаги тўлин ойнинг бошқа юлдузлардан афзаллиги кабидир. Олимлар Пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ва дирҳамни мерос қолдирмадилар. Балки илмни мерос қолдирдилар. Ким уни олса, (меросдан) тўлиқ насибасини олибди».

Қуръон ва ҳадислар исломнинг асосий манбалари бўлиши билан бирга, мусулмонлар ҳаётини ташкил этиш учун муҳим қўлланма ҳам ҳисобланади. Шундай экан, Қуръон ва суннатга асосланган ҳолда, мусулмонларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, инсон камолоти ва жамият фаровонлиги, ижтимоий барқарорлик ва тараққиётни кўзлаб фатво чиқариш алоҳида билим ва малакани талаб этади. Мўътабар манбаларга кўра, араб тили, Қуръон ва ҳадис илмлари, фиқҳ ва ислом тарихини жуда чуқур ва мукаммал биладиган кишиларгина шундай ҳукм чиқариш ҳуқуқига эгадир. Бироқ тарих ва замонавий воқелик диндан ёвуз мақсадда ҳам фойдаланиш мумкинлигини кўрсатмоқда. Бундай ҳаракатлар муқаддас ислом дини қоидаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилганини ва оширилаётганини ҳам афсус билан қайд этиш лозим.

Юқоридагилардан хулоса қилиб, исломда илм, маърифатли бўлишга, Яратган томонидан инсонларга берилган неъматлар ҳақида билим орқали тадаббур қилишга тарғиб қилинган. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло тафаккур қилмайдиган, ўзининг ким эканини англаб етмайдиган, бугуннинг ҳузур-халовати билан яшаб, эртаси ҳақида қайғурмайдиган, онгсиз кимсаларни Қуръони каримда «Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан «англамайдилар». Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан «кўрмайдилар». Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан «эшитмайдилар». Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир»(Аъроф, 179), деб таърифлайди. Шунингдек, Ҳасан Басрий (р.ҳ.) ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Инсонлар илм ўрганиб амални тарк қилганларида, тиллари ила севишиб, қалблари ила адоватда бўлсалар ва силаи раҳмни узсалар, Аллоҳ уларни лаънатлаб, қулоқларини кар ва кўзларини кўр қилиб қўяди». Дарҳақиқат, ислом оламининг эътиборли уламолари томонидан мўътабар манбалар асосида берилаётган фатволар ёки раддияларни тан олмаётган турли фирқа ва оқим тарафдорларини ҳам юқоридаги оят ва ҳадисларда келтирилган кимсаларга қиёслаш мумкин.

Умуман олганда, ислом илмсизлик ва жоҳиликни қоралайди, илм олиш, жаҳолатдан маърифатни устун қўйиш каби эзгу фазилатларга буюради. Ҳақиқатда жоҳиллик ёмон иллат бўлиб, жоҳил инсонлар барча ёмонликларга ҳеч қандай тўсиқсиз кириб кетаверадилар. Жаҳолат инсон ҳаётини барбод қилади, охиратини куйдиради.Маърифат эса инсон қалбига сайқал беради, маънавий, руҳий дунёсини гўзаллаштиради, инсонга шон-шуҳрат келтиради, улуғлайди. «Маърифат» сўзи «билим», «Аллоҳни таниш» каби хислатларни ўзига жамлайди. Бунга зид равишда илмни диний ва дунёвий турларга тақсимлаб, айрича қараш инсон маънавиятининг емирилишига олиб келади. Бу фикр исботи учун узоқ ва яқин ўтмишимизда мисоллар кўп. Абу Али Ибн Сино, Беруний, Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Имом Бухорий, Абул МуъинНасафий каби улуғ аждодларимиз гарчи собиқ тузум уларнинг диний илм соҳиблари бўлганини яширган бўлсада, улар энг аввало ислом дунёсининг ардоқли олимлари, том маънодаги илм эгаларидирлар. Қуш ҳам ёлғиз қаноти билан парвоз қила олмагани каби, инсон ҳам бир ёқламалик билан комил ва тўлиқ бўла олмайди. Шу жиҳатдан Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг: «Биз дин билан дунёни, дунё билан динни ўрганамиз» деган гаплари биз учун дастуруламал бўлмоғи лозим. Ана шунда биз ҳар томонлама, тўла мукаммал инсон, аждодларимизга муносиб фарзанд бўла олган бўламиз. 

Комилжон Шермуҳамедов,
Тошкент ислом университети 
Исломшунослик илмий-тадқиқот 
маркази илмий котиби

“Диний мутаассиблик: моҳият, мақсадлар ва 
олдини олиш йўллари”
китобидан олинди.

Top