Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Оила қуришдан мақсад иффатни сақлаш ҳамда насл қолдиришдир. Аллоҳдан зурриёт сўрашда ҳам мақсадни тўғри қўя билиш лозим. Зурриёт сўрашдан мақсад – келажакда ўз ортидан солиҳ бандани қолдиришдир.

Кўпинча шу мақсадни қўйишда ҳам хато қилинади. Ота-она фарзанд кутаётган бўлса, бу билан мақтаниш, кўз-кўз қилиш ҳолатлари учрайди. Бундан имкон қадар четланиш лозим. Фарзанд тилаганда “хизматимизни қилсин, роҳатини кўрайлик” деб ният қилишади. Ниятда солиҳ фарзанд сўралишининг ўзи етарли. Солиҳ фарзанд туфайли ота-она барча яхшиликларга етиши мумкин. Зурриёт сўрашда айни шу томонига урғу бериш керак.

Қуръони каримда ота-оналарнинг бу борадаги ёлвориши: “Бизга солиҳ фарзанд берсанг, шукр қилувчилардан бўламиз” дея бўлмоғи лозимлиги айтилади.

Аммо ҳар бир ота-она ҳам шукр қилишни амалда қўлламайди. Фарзанд учун шукр шундаки, фарзандни Аллоҳ таоло истагандек тарбиялашдир. Мақсад бошқа томонга қаратилиб, фарзанддан бошқа нарсалар талаб қилиб, тарбияда хатоликларга йўл қўйилса берилган ваъдага хилоф бўлади.

Фарзанднинг ҳуқуқлари нимада?

Фарзанд дунёга келмасдан туриб унда ҳуқуқлар пайдо бўлади. Яъни ота ўз фарзанди учун муносиб она танлаши, она эса боласи учун муносиб ота танлаши лозим.

Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам фарзанд кўрадиган инсонни тўғри танлашни таъкидлаганлар. Эркак ҳам, аёл ҳам фарзанд кўрадиган инсонини тўғри танлаши фарзанднинг илк ҳуқуқи ҳисобланади. Уларнинг динига, тақвосига қараб танланиши эса энг аҳамиятли жиҳати ҳисобланади.

Фото: Kun.uz

Фарзанд ҳомилалик чоғида унга яшаш ҳуқуқини бериш (тушириш, аборт қилдирмаслик) ҳам фарзанднинг ҳуқуқидир. Ҳомилани ўз вужудида олиб юрган онанинг парвариши эрнинг зиммасида бўлиб, бу ҳам туғилажак боланинг ҳуқуқларидан бири. Афсуски ҳозирги вақтда ҳомиладор аёлларимиз ҳам зўравонликларга, эътиборсизликка учраяпти. Уларнинг маънавий тушкунликка тушиб қолишаётгани ачинарли ҳолат. Ҳомилали эканликлари, келгусида бир инсонни дунёга келтириши инобатга олинмаяпти. Фарзанд ҳурмати учун, унинг ҳақ-ҳуқуқлари учун ҳам ҳомиладор аёлларга эътибор бериш керак. Бу отанинг вазифаси саналади.