Савол. Кимлар Рамазон рўзасини тутишлари лозим, шунингдек, кимларга бу борада енгилликлар берилган?
Жавоб: Ҳар бир ақлли, балоғатга етган мусулмон учун Рамазон рўзасини тутиш – фарзи айндир.
Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз», дейди (Бақара сураси, 183-оят).
Бошқа оятда эса: «Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин», деб буюради (Бақара сураси, 185-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ислом беш нарса устига қурилган: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, деб гувоҳлик бериш, намозни қоим қилиш, закотни бериш, байтни ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш», деганлар (Муттафақун алайҳ, Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинган). Бошқа ҳадисда эса: «Рамазон ойингизда рўза тутинглар», деб буюрганлар (Имом Термизий Абу Умомадан ривоят қилинган).
Рўзанинг фарзлигига ижмо-уламолар иттифоқи бор, бунга ҳеч ким хилоф қилмаган.
Шариатимиз икки тоифа кишиларни рўза тутмасликларига рухсат бериб, ўрнига Рамазоннинг ҳар бир куни учун фидя беришни буюрган.
Биринчиси: Қарилик сабабли умуман рўза тутишга ярамайдиган, кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган ёши улуғ кексалар.
Иккинчиси: Сурункали касал бўлиб, одатда тузалишига умид бўлмаган ва рўза тутиш уларнинг саломатлигига жиддий зиён етказиши мумкин бўлган беморлар.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган:
“(Рўза тутишга) мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир”, (Бақара сураси, 184-оят).
Фидя – Аллоҳ таоло бандаларига берган енгилликдир.
Ҳар кунлик фидянинг миқдори ярим соъ буғдой (тахминан икки килограмм) ёки бир соъ хурмо ёхуд бир соъ арпадир. Буларнинг қийматини бериш билан ҳам фидя адо бўлади. Ватандошларимизга осон бўлиши учун ҳар йили Рамазон ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати томонидан фидянинг ўртача миқдори белгиланиб,















