Ўзбекистон | 18:12 / 21.02.2017
100440
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк 10 минг сўмлик банкнот ҳақида қўшимча маълумотлар берди

Бугун Ўзбекистон Марказий банки томонидан 10 минг сўмлик номиналдаги янги банкнотлар муомалага чиқарилиши тасдиқланди.

«Кун.уз»нинг банкдаги манбаси маълумот беришича, янги купюра шу йилнинг март ойидан муомалага чиқарилади.

Купюрада, манбаларнинг билдиришича, катта эҳтимол билан Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов сурати бўлади.

Қайд этиш керакки, Сенат Марказий банк томонидан тақдим этилган ўн минг сўмлик банкнотнинг намунаси ва дизайнини маъқуллаб бўлган.

Сенат қарорида банкка янги банкнотнинг муомалага чиқарилиши тўғрисидаги ахборотни, шунингдек, банкнот тавсифини ОАВда эълон қилиш юкланганди. Лекин бу қарор чиққан кундан бир кун ўтиб ҳам ижро бўлмади, хусусан, банкнот сурати намойиш этилмади.

Марказий банк матбуот хизмати томонидан маълум қилинишича, Сенат маъқуллаган купюра дизайни банк раиси Файзулла Муллажоновга имзолаш учун киритилган.

Марказий банк айни вақтда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган банкнотлар суратлари сохта эканини маълум қилган. Таъкидлаш керакки, бу суратларда 2016 йил санаси кўрсатилган. Бундан ташқари, Амир Темур таваллудининг 680 йиллиги 2016 йилда нишонланганди.

Сохта банкнот сурати
Сохта банкнот сурати

«Кун.уз» сайтининг телеграмдаги каналида ўқувчилардан купюра дизайни борасида сўровнома ўтказилди.

Сўровномада 4 мингдан ортиқ киши иштирок этган. Улар «10 минг сўмлик банкнотда кимнинг сурати туширилишини истайсиз?» саволига ўз жавобларини белгилашган. Натижага кўра, иштирокчиларнинг аксар қисми, яъни 74 фоизи купюрада Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов сурати туширилишини истамоқда. Шунингдек, «ҳеч кимнинг сурати бўлишини истамайдиганлар» (9 фоиз) ва «янги купюра чиқарилишини истамайдиганлар» (8 фоиз) ҳам нисбатан кўпчиликни ташкил қилган.

Мавзуга оид