22:47 / 23.02.2017
37165

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ғуломжон Ибрагимов ўз лавозимида қолди

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ғуломжон Ибрагимов Енгил атлетика федерацияси раислигига қайта сайланди.

22 февраль куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида ўтказилган Енгил атлетика федерациясининг ҳисобот-сайлов конференциясида федерациянинг ўтган тўрт йилликдаги фаолияти ҳақида ҳисобот қилинган.

Конференцияда мамлакат енгил атлетика федерациясининг янги раҳбар таркиби сайланди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғуломжон Ибрагимов Федерация раиси, Бахтиёр Икромжонов раис ўринбосари сифатида фаолиятини давом эттирадиган бўлишди. “Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компанияси бошқарув раисининг ўринбосари Олимхон Рустамов федерация раисининг биринчи ўринбосари этиб сайланди. Бунга қадар Ўзбекистон паралимпия ассоциациясида фаолият олиб борган Абдулла Сагдиев, мамлакат бокс федерациясида бош котиб сифатида ўзини кўрсатган Бехзод Миртимиров энди енгил атлетика федерацияси раис ўринбосарларига айланишди. Камолиддин Рўзамуҳаммедов федерация бош котиби бўлиб ишлайди.

Анжуманда спорт қироличасини ривожлантиришга доир масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Конференция ишида Ғуломжон Ибрагимовдан ташқари, Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг яна бир ўринбосари Адҳам Икромов ҳам иштирок этган.

Top