10:58 / 06.03.2017
33976

Фарғона вилоятида ўз жонига суиқасд қилмоқчи бўлган аёл ва унинг 2 ёшли фарзанди ҳаёти сақланиб қолди

Иллюстратив фото

2017 йил 3 март куни соат 10:50ларда, Қўштепа тумани ИИБ ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўлинмаси бошлиғи майор Давлат Даминовга туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар кенгаши раиси Муҳаббат Мўйдинова қўнғироқ қилиб, Дўрмон қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан оқиб ўтган катта Фарғона каналининг ўнг томонида бир нафар аёл киши қўлида вояга етмаган фарзанди билан ўйчан аҳволда ўтирганлигини, ҳозирда унинг олдига бораётганлиги ҳақида хабар берган, деб ёзади Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Мазкур хабардан сўнг, майор Д.Даминов зудлик билан М.Мўйдинова айтган жойга етиб борганида, канал қирғоғида ўтирган аёл ўз жонига суиқасд қилиб, қўлидаги вояга етмаган фарзанди билан бирга ўзини каналга ташлаб юборган. 

Шу вақтда йўловчилар Қўштепа тумани Лангар қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаролар Абдуҳамид Ғуломов ва Азизжон Бўтаевлар уларни қутқариш учун ўзларини сувга ташлашган. Уларни ортидан майор Д.Даминов ҳам сувга ташлаб чўкиб кетаётган  аёлни ва унинг вояга етмаган фарзандини қутқаришга харакат қилиб, болани қутқариб олиб, сувдан чиқариб, қирғоқда турган йўловчи фуқаро Абдураҳим Ҳошимовга берган. Сўнг эса ортига қайтиб унинг онасини қутқариш учун ҳаракат қилаётган фуқаролар билан биргаликда аёлни ҳам қутқариб қирғоққа олиб чиққан.  Майор Д.Даминов аёл ва унинг фарзандига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, хизмат автомашинасида Қўштепа тумани Лангар қишлоғида жойлашган шифохонага олиб борган.

Ички ишлар ходимининг ва фуқароларнинг ҳушёрлиги туфайли она-боланинг ҳаёти сақланиб қолинди.

Ҳозирда 1994 йилда туғилган аёл ва унинг 2 яшар фарзандининг аҳволи қониқарли ҳолатда.

Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Top