08:13 / 10.03.2017
25966

Йўллардаги тирбандликнинг ечими топилди

Тасаввур қилинг – келажакда автомобиллар, автобуслар ва ҳаттоки поездлар ҳам фақатгина сунъий идрок бошқарувида ҳаракатланади. Улар инсонга билдирмаган ҳолда бир-бири билан мулоқот қилади, йўлнинг турли қисмлари ҳақидаги маълумотларни бўлишади – бу йўлдаги тирбандлик каби ҳолатни бутунлай унутишга ёрдам беради. Буларнинг бари 2030 йилга қадар рўй бериши мумкин. Ҳар ҳолда швециялик эксперт ва Drive Sweden ташкилоти раҳбари Катарина Ельмсетер-Шверд шундай фикрда.

Катарина Ельмсетер-Шверд ўз мамлакатидаги транспорт тизими амалдаги ҳолатидан яхши хабардор. У 2010-2014 йилларда Швеция инфратузилма вазири лавозимида ишлаган. Яқинда Катарина келажакни қандай кўриши ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Унинг сўзларига ишонсак, бу келажак анча ижобийдир. Унинг фикрича, 2030 йилга келиб Швециянинг кўпчилик аҳолиси шахсий автомобиллардан воз кечади ва ҳайдовчисиз таксиларни буюртма қила бошлайди. Янги негиз ўта самарали бўлади – бунга йўналишни яхшилаб ҳисоб-китоб қилиш ҳамда бир неча йўловчининг бирга юриши туфайли эришиш мумкин. 

Буларнинг бари бизнинг транспорт ҳақидаги қарашларимизни бутунлай ўзгартириб юборади. Жамоат автобуслари ёки поездлар ҳам ҳайдовчисиз бўлади. Сунъий идрок йўл тирбандлиги каби муаммони бутунлай унутишга хизмат қилади ва инсон омили каби ҳолатни минимал даражага туширади. Бу эса автоҳалокатлар эҳтимолини пасайтиради ёки умуман йўққа чиқаради. Бундан ташқари, келажак транспорти экологик тоза ва кам энергия талаб этади. Катаринанинг фикрича, автопарклар ўзига хос “яшил ҳудудлар” бўлади, бу эса шаҳар ҳавосини тоза ва инсонлар соғлиғи учун хавфсиз қилиш имконини беради.

Шунингдек Катаринанинг тахминига кўра, барчамиз келажакда ягона универсал мобил иловадан фойдаланамиз, у биз учун йўналишни танлаб беради ҳамда яқин орадаги транспорт, барча масофа ва вақтни ҳисоблаб беради. Транспорт бутунлай автоматлаштирилган бўлишини инобатга олсак, бундай илованинг аниқлиги жуда ҳам идеал бўлади ва сиз ҳеч қаерга кеч қолмайсиз. Бу иловадан ҳайдовчисиз таксига буюртма бериш ёки шаҳар велосипедини ижарага олиш учун мурожаат юборишда мақсадида ҳам ишлатиш мумкин (Швецияда бугунги кунда велосипедда ҳаракатланишга фаол тарғиб қилинмоқда).

Эксперт фикрича, бундай ажойиб келажак йўлидаги асосий муаммолардан бири инсонларнинг янги технологиялардан қўрқишидир. Баъзилар сунъий идрок ва автопилотларга ишонмасликда давом этмоқда. Хакерлар билан боғлиқ масала ҳам очиқ қолган – кимдир автопилотни бузиб кириб, ҳалокатни ташкиллаштирсачи? Кўпчилик мобил иловалар инсоннинг аниқ қаерда эканини тегишли идораларга етказишидан хавотирда, бу эса шахсий ҳаётга аралашишдир. Катаринанинг таъкидлашича, сиёсий раҳбарлар транспорт бир неча йилдан кейин қандай ҳолатда бўлиши ҳақида жиддий бош қотиришлари керак. Автомобиллар сони жуда кўпайиб бормоқда, ҳамда агарда ҳозир аралашилмаса, яқин орада автомобиль йўлидан ҳаракатланиш умуман имконсиз бўлади.

Top