22:21 / 12.03.2017
44921

Тожикистонда дафн маросимидан қайтаётган 6 киши ҳалок бўлди, 20 нафари жароҳатланди

Душанбе чеккасидаги Ваҳдат шаҳарчасида дафн маросимидан қайтаётган олти киши ЙТҲ натижасида ҳалок бўлди, йигирма нафари турли жароҳат олди. Бу ҳақида Тожикистон ИИВ вакили Умаржон Эмомали маълумотига асосланиб, CA-News хабар берди

"Ҳалок бўлганларнинг барчаси - Душанбе чеккасидаги шаҳарча қабристонидан дафн маросимидан қайтаётган ёш йигитлар бўлган", - деди у. 

Ҳуқуқ-тартибот органи ходимининг сўзларига кўра, марҳумнинг дафн маросимида иштирок этганларни олиб кетаётган "ЗИЛ" юк машинаси йўлда тепаликдан қулаб, ағанаган. 

Бахтсиз ҳодиса гувоҳларининг сўзларига кўра, дафн маросимидан кейин ёшлар "ЗИЛ"га ўтириб қайтаётган бўлишган. Кутилмаганда машина тормози ишдан чиқиб, ҳайдовчи бошқарувни қўлдан чиқарган ва натижада юк машинаси тепаликдан қулаган. 

Ваҳдат ИИБ навбатчи ходимининг сўзларига кўра, турли жароҳатлар олган камида 20 киши Ваҳдат ва Душанбе шифохоналарига етказилган. 

Top