2011 йилнинг 12 ноябридан 2012 йилнинг 9 апрелигача Ўзбекистон ва Қозоғистон чегара ҳудудлари, хусусан Юқори Чирчиқ ва Чимкентда кетма-кет 11 нафар аёлнинг мурдаси қотиллик аломатлари билан топилади. Ўлдирилганларнинг 6 нафари Ўзбекистон, 4 нафари Қозоғистон ва 1 нафари Украина фуқароси эди. Мазкур жиноят ўша пайтда икки давлатнинг чегара ҳудудларида яшовчи аҳоли орасида “одамхўр” пайдо бўлгани ҳақида шунчалик шов-шув келтириб чиқарадики, аёллар уйидан чиқишга, ёлғиз юришга қўрқиб қолади.

Чақилмаган ёнғоқ” ва сирли далил

2011 йилнинг охири ва 2012 йилнинг бошида Қозоғистоннинг Жанубий Қозоғистон вилоятидаги овлоқ жойлардан кетма-кет тўрт аёлнинг мурдаси қотиллик аломатлари билан топилади. Бу пайтда Ўзбекистонда ҳам шу каби ҳолат кузатилган, 7 нафар аёл навбати билан ўлдириб кетилганди. Ўлдириб кетилган аёлларнинг энг кичиги 21, энг катта эса 53 ёш бўлган.

Мазкур жиноят ўша пайтда икки давлатнинг чегара ҳудудларида яшовчи аҳолини қўрқувга сола бошлайди. Сабаби, ҳали у ердан, ҳали бу ердан ўлдирилиб кетилган аёлнинг мурдаси топилар, аммо қотилларни излашдаги ҳаракатлар натижа бермаётган эди. Сирли жиноятчилар ҳақидаги гап-сўзлар тилдан тилга кўчиб, “одамхўр пайдо бўлибди, аёлларни ўлдириб, қонини сўриб кетаркан” деган ваҳимага айланади. Хотин-қизлар кўчага чиқишга, ёлғиз юришга қўрқиб қолишади.

Калаванинг учини топиш тобора чигаллашиб борар, қотилларнинг изига тушиш қийин кечаётган бир пайтда янги қурбонлар топилгани ҳақидаги хабарлар тарқаларди. Икки давлатдаги қотилликлар бир-бирига ўхшаш, яъни қотиллик услуби бир хил эди: аёллар аввалига зўрланган ва кейин бўғиб ўлдирилиб, ёнидаги пул ҳамда бошқа буюмлар олиб кетилган. Бу мазкур қотилликлар битта жиноий тўда томонидан амалга оширилган, деган тахминни юзага чиқаради.

Икки қўшни давлатнинг тезкор ходимлари олдида “чақилмаган ёнғоқ” турарди: жиноятлар бир-бирига боғлиқми, қотиллар ким ва нега фақат аёлларни ўлдиришган? “Пичоққа илингулик” ягона далил аёллардан бири ўлдирилишидан олдин Чимкентдаги темирйўл вокзалидан чиқиб, қора рангли “Мерcедес-Бенз” машинасига миниб кетгани эди.

Манзилига етмаган йўловчи

29 ёшли Екатерина Тишкунова 2011 йилнинг 19 декабр куни Чимкентдаги темирйўл вокзалидан чиқиб, изсиз ғойиб бўлади. У икки кун олдин Қарағанда шаҳрига синглисини кўргани кетган ва ўша ердан меҳмондорчиликдан қайтаётганди.

Яқин қариндошлари уяли телефони ўчирилган ва сафардан қайтгач ҳам икки кун ишга бормаган Екатеринани излашга тушишади. Чимкент шаҳридаги барча шифохона ва моргларни қараб чиқиш натижа бермайди, у ҳеч қаерда йўқ эди. Бу ҳақда ИИБга ариза берилади. Ниҳоят Екатерина топилади, аммо тириги эмас: унинг мурдасида қотиллик аломатлари бор эди.