Учкўприк тумани ҳудудида юк машинаси светофорнинг қизил чироғида тўхтаб турган Damas’га келиб урилиши оқибатида 2 нафар бола ва 3 аёл вафот этди. Машина ҳайдовчиси ва яна 5 киши оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Улардан икки нафарининг аҳволи оғирлиги айтилмоқда. Kun.uz мухбири воқеа тафсилотларини ўрганди.
21 ноябрь куни эрталаб Учкўприк туманида Isuzu юк машинаси светофорда тўхтаб турган Damas билан тўқнашди. Damas ичида жами 11 киши – ҳайдовчи, Бувайда тумани Янгиқишлоқдаги 7-мактабнинг 5 нафар ўқувчиси ҳамда 5 аёл бўлган. Сабзи кавлаш учун Олтиариқ туманига кетаётган йўловчилардан 5 киши – 2 нафар мактаб ўқувчиси ва 3 аёл йўл транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этган.
Бахтсиз ҳодисадан омон қолган 5 нафар йўловчи ва ҳайдовчи айни пайтда Боғдод, Бувайда ҳамда Учкўприкдаги шифохоналарда қолмоқда. Улар орасида аҳволи оғирлари ҳам бор.

Боғдод тумани Тиббиёт бирлашмаси Реанимация бўлими бошлиғи Дилшод Жалиловнинг айтишича, бўлимга олиб келинган икки ўқувчи қизнинг аҳволи ўта оғир даражада.
“Боғдод тумани тиббиёт бирлашмасига соат 9:00лар чамасида автоҳалокат натижасида тан жароҳати олган 14 ва 16 ёшли мактаб ўқувчилари олиб келинди. Улардан бири ўта оғир кома ҳолатида келган. Иккинчи ўқувчи эса ҳушида, лекин тан жароҳати жудаям кўп. Биринчи бемор бош миясига қон қуйилиши сабаб жарроҳлик амалиётидан чиқди.


Икки беморнинг ҳам аҳволи жуда оғир. Бири сунъий нафас олиш аппаратига уланган, кома ҳолатида. Иккинчисининг ҳолати эса жарроҳлик амалиётидан кейин маълум бўлади”, – дейди шифокор.

Бувайда тумани тиббиёт бирлашмасига ЙТҲ иштирокчиларидан 4 нафари ётқизилган. Damas’нинг олди ўриндиғида ўтирган Севара Полвонова сабзи кавлашга 9-синфда ўқиётган қизи билан кетаётган бўлган.
“Олтиариқ туманига сабзи кавлашга кетаётган эдик. 9-синфда ўқиётган қизим ҳам ҳарна сизга ёрдам бўлсин деб кунлик ишга мен билан бирга кетаётган эди. Светофорга етиб борганимизда қизил чироқ ёниб қолди. 1 дақиқалар чамаси яшил чироқ ёнишини кутдик. Шу пайтда тўсатдан машинамизга юк машинаси келиб урилди. Ғижимланиб кетган машинамиз кучли зарб билан бориб бетон тўсиққа тегди. Хушимдан кетибман. Кейинроқ ўзимга келдим.

















