19:55 / 13.03.2017
14532

Олий Мажлис депутатлари тиббиёт муассасалари фаолиятини муҳокама қилишди

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, фуқароларнинг сифатли тиббий хизматдан фойдаланишларини таъминлаш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг доимий диққат эътиборида бўлиб келмоқда, деб хабар қилади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ахборот хизмати.

Мазкур масаланинг муҳимлиги ва долзарблигини ҳисобга олган ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари соғлиқни сақлаш тизими ҳолатини, хусусан, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятини сифат жиҳатидан яхшилаш устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатиш жараёнларига фаол киришдилар.

2017 йилнинг 13 март куни Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия ва Республика ихтисослаштирилган урология марказларининг фаолиятини муҳокама қилдилар.

Таъкидлаш лозим, йиғилишдан аввал парламент аъзолари жойларда ҳақиқий ҳолатни чуқур ўргандилар. Депутатлар юқорида кўрсатилган тиббиёт муассасалари фаолиятининг амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ келиши, хусусан, фуқароларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланишга бўлган ҳуқуқининг амалга оширилишини таҳлил қилдилар.

Ҳар бир ихтисослаштирилган тиббиёт маркази республика ҳудудларида ўз филиалларини ривожлантиришга доир дастурларига эга бўлиши, жаҳон миқёсидаги етакчи тиббиёт марказлари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатиши, марказларнинг ихтисослашуви йўналишлари бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириши лозимлиги қайд этилди.

Мажлисда депутатлар мамлакатимизнинг ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятини сифат жиҳатидан яхшилаш, қонун ҳужжатларини ва унга доир ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришда ҳокимиятнинг ваколатли ва ижро этувчи бўғинлари самарали ҳамкорлиги борасидаги тизимли фаолиятининг муҳимлиги таъкидлаб ўтилди.

Мажлис якунига кўра, Қонунчилик палатаси тиббиёт соҳасини ривожлантириш борасидаги долзарб вазифалар батафсил белгиланган тегишли қарор қабул қилди.

Top