16:23 / 14.03.2017
51110

Замонавий қулликнинг аломатлари

Қуллик расман 1861 йилда бекор қилинган ҳисобланса-да, инсоният жамиятдаги ушбу салбий кўриниш билан ҳамон курашиб келмоқда. Бунга эса сабаблар кўплаб топилади. Урушлар, беқарор иқтисодий ҳолат, саводли инсонларнинг камлиги, коррупция, сиёсий бошқарув институтларининг мукаммал тизим сифатида ишламаслиги, банклар, бу борада ахборотнинг етарли эмаслиги, орзу-ҳавас билан боғланувчи дабдабали тўй орзуси... бу рўйхатни истаганча давом эттириш мумкин. Аслида, замонавий қулчиликни бошқараётганлардан бошқа ҳеч ким нима бўлаётганини аниқ айта олмайди. Оқибатда камбағал одамлар сони тўхтовсиз кўпая боради. Хўш, замонавий қуллар қандай яшайди ва улар нима учун вазиятни ўнглаш учун ҳаракат қилишмайди? Бу саволга дастлабки жавоб шундан иборатки, уларнинг аксарияти ўзларини қул деб ҳисобламайди. Қуйида ушбу жараённинг бошқа жиҳатларини ҳам кўриб чиқамиз. 

Замонавий киши ишлаб топаётган даромад аксар ҳолларда атиги бир ойга етади-туради.

Бу маблағ ипотека ёки ижара пулини тўлаш, айрим маҳсулотлар харид қилиш ва йўлкирага кифоя қилади, холос. Агар, у нафақа ёшига етса, у маошининг 1/3 қисмини пенсия сифатида олади ва бу умрининг охиригача ўзгармай қолади. Инсон ҳарчанд уринмасин, бундан четга чиқа олмайди. 

Замонавий қулларнинг дарди-хаёли харид қилиш билан боғлиқ бўлади.

Ҳа, ҳозирги вақтда инсонлар гўёки харид қилиш учун ишламоқда. У ўзига реклама қилинаётган ва сунъий равишда танқислик ҳосил қилинган нарсаларни харид қилади. Ёки у доимий равишда нимадур, аммо янги, қизиқ ва аслида унга умуман кераксиз бўлган нарсани сотиб олади. Инсонлар онгига таъсир ўтказиш технологиялари қулларнинг чўнтагини ўмариш вазифасини ажойиб тарзда уддаламоқда. Янги маҳсулотлар ортидан қувиш инсонни касодга учратади. Қаерда касодлик бўлса, ўша ерда қарздорлик ҳам борлигини унутмаслик керак. Оқибатда, инсон касодга учрамаслик учун тинимсиз ишлайди, қарзини ёпади ва харид қилади. 

Замонавий қул тинимсиз қарзини тўлайди.

Айтиш жоизки, кредит тизими иқтисодиёт ривожланган ва жиддий ўсаётган мамлакатларда яхши ишлайди. Беқарор иқтисодиётга эга мамлакатлардаги инсонлар бизнесини ривожлантириш учун кредит олгудек бўлса, умрининг охиригача қарз тўлашга мажбур бўлиб қолиши мумкин. Таъмирлаш ёки маиший техникаларни харид қилмоқчи бўлганлар яширин комиссиялар ва фоизларни тўлашда пулини йўқотади. Кредитни олишда чуқур ўйланмаса, кредит қуллиги пайдо бўлиши мумкин. 

Қул ҳар куни пулини йўқотади.

Инсон кунига 16 соатлаб ишлаган тақдирда ҳам камбағаллигича қолаверади. Чунки, кундузи ишлаган пулидан кечқурун атиги ярми чўнтагида қолади. Қолган ярмини пулнинг қадрсизланиши, кредит бўйича фоизлар, ижара, ипотека кабилар ямлаб юборади. Қолган ярмини инсон озиқ-овқат, дори-дармон, кийим-кечак ва бошқа харажатларга етказиши керак. 

Қул эркинлиги чекланган.

Инсон ўз хоҳиши билан турмуш шароитини ўзгартира олмайди, чунки ипсиз боғланган. Ўзгартириш учун унда маблағ йўқ. Агар у ишлашни бас қилса, оиласи оч қолади. 

Қул ўзининг вақти қанча туришини билмайди.

Ҳа, замонавий қуллар унинг иши ва ўзи ишлаб чиқараётган маҳсулоти қанча туришини билмайди. Бу айниқса, интеллектуал мулк ва оғир жисмоний меҳнат талаб этиладиган соҳаларда яққол намоён бўлади. Ишчи қўшимча қиймат солиғи солиқ идоралари томонидан қайтарилиши, бухгалтерияда бу каби пуллар тўпланишини билмайди. Бу маблағлар ишчи, корхона ва давлат ўртасида тақсимланиши керак бўлган пуллар эди, аслида. Ахборотнинг мавжуд эмаслиги – иш берувчи ёхуд давлат идораси билан масалага ойдинлик киритишда имкониятнинг нолга тенглигини билдиради. Шу боис, ишчи унга нимани буюришса, шуни қилади, чунки у бошқача йўл тутиш мумкинлигини билмайди. 

Top