ЎҚИШ

Ўқиш маҳоратини ривожлантириш, грамматика ва тил қурилишини англаш, сўзларни ёдда сақлаш, уларнинг ифода ҳамда талаффузини ўрганиш муҳим аҳмиятга эга. Бу кўникмани эгаллаш учун қуйидаги усуллардан фойдаланишингиз мумкин.

1) Инглизча китоб, журнал, газета ўқинг

Хорижий тил ўрганишнинг олтин қоидаси – кўп ўқишдир. Унутманг: бу кўникмага эга бўлмай туриб, оғзаки ва ёзма синовларда етарли даражада муваффақиятга эриша олмайсиз. Модомики, тил ўрганиш масаласида қатъий фикрда экансиз, интернетдан ўзингизни қизиқтирган мавзудаги бирон китоб, журнал, газетани топиб, мунтазам ўқиб боринг. 

Сизга ёрдамчи:

  • onlinenewspapers.com
  • gutenberg.org

2) Қўл телефонингиз ва компютерингизнинг тилини инглизчага ўтказинг

Телефонингиз, компютерингиз дастурини инглизчага ўзгартириш, бажарадиган амалингизни маълум бир сўз билан боғлаш ва буни ҳар куни бажариш сўз бойлигингизни орттиради. Айни вақтда ижтимоий тармоқлар тилини ҳам ўзгартириш янги билимлар ўрганишингизда ёрдам беради.

3) Мобил иловалардан фойдаланинг

Мобил жиҳозлар ва иловалар инглиз тилини ўрганиш истагида бўлганлар учун чексиз имкондир. Техника тараққиёти яшин тезлигида илдамлаб бораётган бир вақтда бу имкондан фойдаланиш тамоман сизнинг ихтиёрингизда. Ўқишдан ёки ишдан уйга қайтар экансиз, телефонга юкланган бир қанча бепул иловалар ёрдамида сўз ёдлашингиз ўқиш ва англаш кўникмангизни орттиради.

Сизга ёрдамчи:

  • learnenglishbritishcouncil.org
  • duolingo.com
  • busuu.com

ЁЗИШ

Инглизча ёзиш ўзлаштирилиши энг қийин малакалардан биридир. Одатда, хорижий олий ўқув юртларига ҳужжат топширмоқчи бўлган абитуриентлардан эссе, мотивацион мактуб ёзиш талаб қилинади. Ёзиш давомида қисқа ифодалар ўрнига боғловчилар ва ёрдамчи жумлаларни қўллаш, фикрни кенгайтирилган ҳолда ифодалай олиш жуда муҳимдир.

4) Блог ёзинг

Бугунги кунда блог ёзиш, фикрлар, қизиқишлар, бирор мавзу юзасидан мулоҳазаларни билдириш кенг тарқалган. Ўзингиз учун инглизча бир блог очинг. Бошида қийналишингиз табиий, аммо хотирангиздаги сўзларни «уйғотиш» учун бу усул жуда катта ёрдам беради.